ТОШКЕНТ, 6 окт — Sputnik. Ўзбекистон ва Россия шаҳарсозлик, уй-жой фондини реновация қилиш соҳаларида тажриба алмашишни йўлга қўяди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин ўртасидаги музокаралар чоғида келишиб олинди.
Учрашув Россия ҳукуматининг Мувофиқлаштириш марказида бўлиб ўтди. Икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Мирзиёев учинчи Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми муваффақиятли ташкил этилгани ва ўтказилгани, унинг якунида икки мамлакат ҳудудлари ўртасида 3,5 миллиард долларлик ҳужжатлар имзоланганини олқишлади.
Товар айирбошлаш суръатини сақлаб қолиш ва кооперация алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Саноат кооперациясини чуқурлаштириш бўйича ишларни самарали мувофиқлаштириш учун қўшма Ишчи гуруҳи тузилган.
Рақамлаштириш, соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларида ҳамда Ўзбекистонда электрон савдони жорий қилиш бўйича лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Икки мамлакат ҳудудларининг амалий шериклигини янада ривожлантириш ва уни аниқ лойиҳалар билан бойитиш учун кенг имкониятлар борлиги қайд этилди.
Шаҳарсозлик, уй-жой фондини реновация қилиш соҳаларида тажриба алмашишни йўлга қўйишга келишиб олинди.
Музокаралар якунида Мирзиёев Мишустинни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.