ТОШКЕНТ, 5 окт — Sputnik. Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар муваффақиятли иштирок этишмоқда, дея хабар берди Миллий олимпия қўмитаси.
Бугундан слаломда эшкак эшиш бўйича беллашувлар бошланди. Эркаклар ўртасида каноэ слаломида кечган биринчи саралаш баҳсида Анвар Клевлев (92.44 сония) энг яхши натижа билан кейинги босқичга йўл олди. Алибек Темиргалиев эса кечки дастурда бўлиб ўтадиган кейинги стартда яна бир бор ўз омадини синаб кўради.
Конкур бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари саралашдаги иштирокини якунлашди. Улар яккалик ва жамоавий дастурда баҳс олиб боришди. Унда Баҳромжон Газиев (“Леди” лақабли отда), Бекзод Қурбонов (“Сантос Ҳиппиcа”), Хуршид Алимжонов (“Чемпионс лига”) ва Умиджон Комилов (“Каллеко”) мамлакат шарафини ҳимоя қилишди.
Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерациясининг маълум қилишича, саралаш баҳсларида 17 мамлакатдан 56 нафар чавандоз иштирок этиб, 40 нафар спортчи ярим финалга йўл олган. Улар орасида Б.Газиев, Б.Қурбонов ҳамда Х.Алимжоновнинг номларини учратиш мумкин. Бугун уларнинг отлари санитар текширувдан ўтади. Эртага эса медаллар учун якуний беллашувлар бўлиб ўтади.
Бугун Ханчжоу-2022 XIX ёзги Осиё ўйинларида бокс бўйича эркаклар ўртасида финал баҳслари бўлиб ўтади. Шунингдек, карате WKF, слаломда эшкак эшиш, jiu-jitsu каби спорт турларида атлетлар баҳсларга киришади.