ТОШКЕНТ, 5 окт — Sputnik. Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Ҳасанбой Дўсматов (-51 кг) ўз совринлари орасига Осиё ўйинларининг олтин медалини қўшиб қўйди. Спортчи муросасиз кечган финал жангида таиландлик Тҳитисан Панмотни мағлубиятга учратди.
Юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Рустам Ассакалов фаолиятида учинчи бор Осиё ўйинларида совриндор бўлди. -97 кг вазн тоифасида иштирок этаётган спортчи бронза медали учун кечган баҳсда қозоғистонлик Ислам Умаев устидан ғалаба қозониб, мусобақани учинчи ўринда якунлади. Бунгача Ассакалов ҳисобида Осиё ўйинларининг олтин ва кумуш медаллари бор эди.
Аёллар кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Актенге Кеунимжаева эса ушбу спорт турида Осиё ўйинларида совриндор бўлган биринчи ўзбекистонлик спортчи бўлди. -50 кг вазн тоифасида иштирок этаётган спортчи бронза медали учун кечган баҳсда ҳиндистонлик Пужадан устун келиб, совриндорлар қаторидан жой олди.
Аёллар кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Лайло Собирова ҳам ўз номини Осиё ўйинлари совриндорлари қаторига қўшиб қўйди. -57 кг вазн тоифасида иштирок этган спортчи бронза медали учун кечган баҳсда ҳиндистонлик Манси устидан ғалаба қозонди.