Самарқандда Марказий Осиё ёшлар эко-оромгоҳининг ёпилиш маросими ўтказилди — фото

Марказий Осиё ёшлар экологик оромгоҳи 1–5 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Барқарор ривожланиш маданиятини илгари суриш ҳамда болалар ва ёшларни иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича Марказий Осиё стратегиясини ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 окт — Sputnik. Самарқандда БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси — COP-28 га бағишланган Марказий Осиё ёшлар экологик оромгоҳининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Маросимда "Замин" фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева, UNICEF ижрочи директори ўринбосари Тед Чаибан, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Дилнозахон Каттахонова, БМТ тузилмалари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Марказий Осиё ёшлар экологик оромгоҳи 1–5 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Барқарор ривожланиш маданиятини илгари суриш ҳамда болалар ва ёшларни иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича Марказий Осиё стратегиясини ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.
Оромгоҳда 5 та мамлакатдан келган 60 нафар экофаол, олимлар ва хорижий ташкилотлар вакиллари Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиш маданиятини ривожлантириш стратегиясини муҳокама қилишди.
Шунингдек, эко-оромгоҳ доирасида " Eco-Zakovat" интеллектуал ўйини ўтказилди.
Оромгоҳда Экология вазирлиги ҳузурида Ёшлар қўмитасини ташкил этиш, ишлаб чиқилган қоидалар ва атроф-муҳит дастурлари бўйича овоз бериш ҳамда фикр билдириш имкониятини яратиш, ишга жойлашиш ва университетга кириш вақтида волонтёрлик фаолиятини ҳисобга олиш, йўқолган ўсимликларнинг ўрнини қоплаш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш учун сунъий ўрмонлар барпо этиш, экостартапларни молиялаштириш орқали зарарли чиқиндиларни камайтириш, электромобиллар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва ёқилғида ҳаракатланувчи транспорт воситаларининг катализаторларини яхшилаш каби муҳим таклифлар илгари сурилди.
Эко-оромгоҳ якунида “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университети ҳудудида дарахт кўчатлари ўтқазилиб, эсдалик нишонига имзо чекилди.