Ханчжоу-2022: Ўзбекистон делегацияси ҳисобига яна 2 та олтин медаль қўшилди

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Абдумалик Халоков эса финалчилар қаторидан жой олди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 окт — Sputnik. Хитойда бўлиб ўтаётган Осиё ўйинларида енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Шарифа Давронова уч ҳатлаб сакраш дастурида олтин медалга сазовор бўлди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
17 ёшли спортчи қайд этган 14.09 метр натижани ҳеч бир рақиби янгилай олмади ва Давронова Осиё ўйинлари чемпионлигига эришди.
Шунингдек, юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Жалгасбай Бердимуратов (-87 кг) ҳам олтин медални қўлга киритди. У финал беллашувида эронлик Носир Ализодани мағлуб этиб, мусобақа чемпионига айланди.
Оғир атлетикачи Муҳаммадқодир Тоштемиров Ўзбекистон делегациясига кумуш медаль келтирди. -81 кг вазн тоифасида иштирок этган полвон даст кўтаришда 159 кг, силтаб кўтаришда 192 кг, икки курашда эса 351 кг натижа қайд этиб, кумуш медални қўлга киритди.
Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Абдумалик Халоков эса финалчилар қаторидан жой олди. -57 кг вазн тоифасида иштирок этаётган боксчи ярим финалда хитойлик Динг Люни 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ушбу ғалаба финал билан бирга Париж-2024 йўлланмасини ҳам тақдим қилди.