Ўзбекистонда вабо кириб келишининг олдини олиш учун қандай чоралар кўрилган

Республикада вабо касаллигини эрта аниқлаш ва касалликка чалинган ёки гумон қилинган беморлар учун лабораториялар ҳамда юқумли касалликлар шифохоналари шай ҳолатига келтирилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 окт — Sputnik. Ўзбекистон ҳудудига карантин ва ўта хавфли юқумли касалликларни хориждан кириб келиши ва аҳоли ўртасида тарқалиш ҳолатлари кузатилмади. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси (Санэпидқўмита) Ўта хавфли юқумли касалликлар бўлими бошлиғи Фарҳод Қурбонбеков Sputnik мухбирига маълум қилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) берган маълумотларига кўра, жорий йилда 26 та давлатда вабо касаллигининг эпидемияси кузатилди. Энг оғир эпидемик вазият Африка давлатларида кузатилмоқда. Касалликка чалинганларнинг сони 25,9 мингдан ортиқ кишини ташкил этган бўлса, уларнинг 735 нафари вафот этган. Шунингдек, 129 мингдан зиёд киши вабога чалинганликда гумон қилинган.
Ўзбекистон ҳудудига касалликларни четдан кириб келишининг олдини олиш мақсадида республика бўйича бугунги кунда давлат чегараларини кесишиш жойларида 54 та санитария – карантин пунктлари фаолият олиб бормоқда.

“Шу йилнинг 8 ойида санитария-карантин пунктлари томонидан 945 723 та автотранспорт воситалари, 11 968 945 нафар фуқаро тиббий-санитария назоратидан ўтказилган. Тиббий кўрикдан ўтказилган фуқароларнинг 5 438 383 нафарини хориж фуқаролари ташкил қилган”, — дейди Фарҳод Қурбонбеков.

Унинг сўзларига кўра, назоратдан ўтказилганларнинг 30 нафарида юқумли касалликларга гумон қилинган беморлар аниқланди. Уларга нисбатан профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирлар ўтказилди.
“Эпидемиологик мавсумда вабо вибрионларига текшириш мақсадида ҳудуддаги очиқ сув манбалари қайта ҳисобга олиниб, уларнинг санитария паспортлари тузилиши, сув намуналарини текшириладиган “нуқта”лар белгиланиши, шу белгиланган “нуқта”лардан жадвал асосида сув намуналари олиниб вабо вибринларига текшириб бориш талаб этилади”, — дея қўшимча қилди Қурбонбеков.
Эпидемик мавсумда ўткир диарея ташхиси билан юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган беморлар ташқи муҳитдан сув намунлари вабо касаллигига лаборатория усулида текшириб борилмоқда.
Қайд этилишича, вабо касаллигига 2023 йилнинг ўтган даврида лабораторияда 27000 дан ортиқ таҳлиллар ўтказилган. Ўтказилган таҳлилларда одамларда ва ичимлик сувида вабо вибрионлари аниқланмаган.

"Республикада вабо касаллигини эрта аниқлаш ва касалликка чалинган ёки гумон қилинган беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида лабораториялар ҳамда юқумли касалликлар шифохоналари шай ҳолатига келтирилди. Лабораторияларда диагностикумлар, дезинфекцион воситалар ва шифохоналарда дори-дармон захиралари яратилди", — дейди мутахассис.

Маълумот учун, халқаро экспертларнинг баҳолашига кўра дунёда вабо касалигига қарши вакцинанинг етишмаслиги вабо касалликининг келиб чиқишини асосий сабаби бўлиб қолмоқда. Дунё аҳолисини тоза ва сифатли ичимлик суви билан етарлича таъминланмаганлиги эпидемик вазиятни мураккаблаштирмоқда.
Вабо — ўткир диарея инфекцияси бўлиб, одамлар тозаланмаган сув (фильтрланмаган ёки қайнатилмаган), тозаланмаган сувда ювилган мева, сабзавот ёки кўкатларни истеъмол қилганда ёки ифлосланган сувдан олинган янги денгиз маҳсулотларини истеъмол қилганда юқади.
Вабони қўзғатиувчиси вибрионлар ҳисобланади. Вибрион ташқи муҳитда барқарорлиги юқори: нажасда 150 кунгача, оқава сувда 106 кунгача, тупроқда 60 кунгача, мева ва сабзавотлар юзасида 4 кунгача сақланади.
Вабо болаларга ҳам, катталарга ҳам таъсир қилади ва даволанмаса, бир неча соат ичида ўлимга олиб келиши мумкин. Вабо касаллиги қатор йиллар давомида республикада рўйхатга олинмаган. Аммо касалликни хориждан кириб келиш эҳтимоли мавжуд.
Ўзбекистонда вабо қайд этилмаган — хорижга чиқувчилар нималарга эътибор қаратиши керак?