ТОШКЕНТ, 4 окт — Sputnik. Россельхознадзор томонидан Ўзбекистондан Россияга экспорт қилинган узум ва помидор маҳсулотлари зарарлангани бўйича эътирознома келиб тушмаган. Бу ҳақда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондан Россияга экспорт бўлган узум ва помидор маҳсулотларида карантин ости организмлари (зарпечак ва Жанубий Америка помидор куяси) аниқланганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан ўрганишлар олиб борилди. Қайд этилишича, ҳолат бўйича Россия карантин хизмати (Росселхознадзор) томонидан агентликка эътирознома (нотификация)лар келиб тушмаган.
“Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида агентлик директори ўринбосари Нодиржон Касимов Россияга ишчи ташрифи доирасида Россельхознадзор вакиллари билан учрашиб, аниқланаётган ҳолатлар юзасидан фикр алмашади”, — дейилади хабарда.
Хабарда тадбиркорлардан шу каби ҳолатлар юзага келишини олдини олиш ва бу орқали халқаро майдонда Ўзбекистон бренди нуфузини мустаҳкамлаш мақсадида экспортдан олдин боғ, дала ва маҳсулотнинг фитосанитар тозалигини аниқлаш бўйича ўсимликлар карантини инспекторларига мурожаат қилиш сўралган.
Маълумот учун, узум маҳсулотида аниқланган зарпечак Европа қитъасининг барча мамлакатларида, жумладан, Россия ҳамда Осиё, Африка, Жанубий ва Шимолий Америка, Океания давлатларида кенг тарқалган.
Зарпечак илдизсиз паразит ўсимлик ҳисобланиб, барглар ҳосил қилмайди. Манзарали ва мевали дарахтлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига чирмашади ва фотосинтез жараёнларинининг нормал кечишига тўсқинлик қилади.
Жанубий Америка помидор куясини Африка, Европа, Жанубий ва Шимолий Америка, Осиёда етиштирилган маҳсулотларда учратиш мумкин. Зараркунанда асосан помидорга зарар етказиб, личинка сабзавотнинг барги, пояси ва ҳосили билан озиқланади. Жанубий Америка помидор куяси билан зарарланган помидорда ўзига хос излар қолади. Зарарли организмга қарши агротехник тадбирларни ўз вақтида олиб бориш, сифатли феромониторингни юритиш орқали самарали курашиш мумкин.