ТОШКЕНТ, 4 окт — Sputnik. Ўзбекистонда IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш соддалаштирилиши мумкин. Рақамли технологиялар вазирлиги буни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиққан. Бу ҳақда вазирликнинг Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Муроджон Йўлдошев АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
“Тегишли вазирликлар билан келишган ҳолда ҳозирда қарор лойиҳаси ҳукуматда турибди. Ўзгаришларнинг ҳаммасини санаб ўтмайман, битта-иккитасини санаб ўтаман. Масалан, чет элдан келаётган фуқаролар учун қулайликлар яратилмоқда. Уларнинг SIM-картаси 30 кунда (IMEI-коди рўйхатдан ўтказилмаса) ўчиб қоларди, ўша муддат узайтириляпти", — деди Йўлдошев.
Шунингдек, Face-ID технологияси орқали IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш имкониятини яратиш ҳам режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги мобил телефонлар махсус IMEI коди бўйича рўйхатга олиниши тартиби 2019 йил 1 апрелдан жорий этилган.