Ўзбекистоннинг музей экспонатлари Пекиндаги кўргазмада иштирок этмоқда — фото

Таъкидланишича, ташриф буюрувчилар Бирлашган Араб Амирликлари, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Хитой Халқ Республикасининг 80 дан ортиқ музей экспонатларини томоша қилишлари мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 окт — Sputnik. Жорий йил 29 сентябрь куни Пекиндаги “Гугун” Император саройи музейида “Бир макон, бир йўл” доирасидаги маданий мерос ва археология соҳасида ҳамкорлик археологик кўргазмаси очилди. Бу ҳақда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маълум қилди.
Таъкидланишича, ташриф буюрувчилар Бирлашган Араб Амирликлари, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Хитой Халқ Республикасининг 80 дан ортиқ музей экспонатларини томоша қилишлари мумкин.
Ўзбекистон Давлат тарих музейи ва Ўзбекистон Фанлар академияси Санъатшунослик институти сара тўпламларига мансуб 18 та экспонат тақдим этилган. Улар орасида сфинкс тасвири туширилган ҳайкалтарошлик илгаки (милоддан аввалги II-I асрлар), сипоҳ бошли ҳайкал парчаси (милоддан аввалги I аср – милодий 1 аср), қўш жўмракли кўза (милодий II-III асрлар) ва бошқа археологик топилмалар бор.
Экспонатлар Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кўмагида тақдим этилмоқда.
Маълумот учун, “Бир макон, бир йўл” доирасидаги маданий мерос ва археология соҳасида ҳамкорлик кўргазмаси Пекинда 2024 йил 5 январга қадар давом этади.