Прокурорликка йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган шахслар тайинланиши белгиланмоқда — Сенат

Қуролли Кучлар тизимида қонунчилик ҳужжатларига сўзсиз риоя этилиши устидан ҳарбий прокуратура органларининг назорати кучайтирилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 сен — Sputnik. Прокурор лавозимига йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган шахслар тайинланиши белгиланмоқда, дея хабар берди Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Сенатнинг қирқ бешинчи ялпи мажлисида “Прокуратура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.
“Прокуратура тўғрисида”ги қонунга Қуролли Кучлар тизимида қонунчилик ҳужжатларига сўзсиз риоя этилиши устидан ҳарбий прокуратура органларининг назорати кучайтирилиши, шунингдек ҳарбий прокуратура органларига ходимларни ҳарбий хизматга қабул қилиш ва ундан бўшатиш тартиби ҳамда уларга ҳарбий унвонлар бериш тартиби белгиланишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
“Бош прокурор, Ҳарбий прокурор, Транспорт прокурори Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорлари, шунингдек туманлар, шаҳарлар прокурорлари лавозимига йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган шахслар тайинланиши белгиланмоқда”, — дейилади хабарда.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонун қабул қилиниши прокуратура органларининг масъулиятини янада ошириш билан бирга, иш самарадорлигини яхшилаш, қонунчилик билан юклатилган вазифаларнинг тўлақонли бажарилишига хизмат қилади.
Мажлисда қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.