Тошкентдаги омборда кучли портлаш

Сергелидаги яроқсиз товарларга нисбатан иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмайди

Божхона қўмитаси ёнғиндан зарар кўрган божхона назорати остидаги товарларни инвентаризациядан ўтказмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 сен — Sputnik. Сергелидаги портлаш оқибатида товар тўлиқ яроқсиз ҳолатга келган бўлса, ушбу товарга нисбатан иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмайди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати бош инспектори Ҳусан Тангриев маълум қилди.
Сергели туманидаги фавқулодда ҳолат содир бўлган омборда божхона органлари томонидан қатор чора-тадбирлар давом эттирилмоқда. Хусусан, Божхона қўмитаси томонидан махсус ишчи гуруҳ ташкил қилинган бўлиб, ёнғиндан зарар кўрган божхона назорати остидаги товарлар тўлиқ инвентаризациядан ўтказилмоқда.
Мазкур товарларнинг келгусидаги божхона назорати қай тартибда амалга оширилиши юзасидан тадбиркорларга тўлиқ тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

“Ёнғиндан талофат кўрган товарлар юзасидан ФВВ билан ҳамкорликда далолатномалар тузилади, ушбу далолатномалар асосида товарлар божхона расмийлаштирувидан ўтказилади. Бунда, агар товар тўлиқ яроқсиз ҳолатга келган бўлса, ушбу товарга нисбатан иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмайди”, - деди Тангриев.

Божхона кодексининг 14-моддасига биноан табиат ҳодисалари (зилзилалар, ер кўчишлари, довуллар, қурғоқчиликлар ва ҳоказо) ёки юридик ва жисмоний шахсларнинг хоҳиш-иродаси ҳамда хатти-ҳаракатларига боғлиқ бўлмаган бошқа ҳолатлар сабабли келиб чиққан, шунинг оқибатида мазкур шахслар қабул қилган мажбуриятларини бажара олмайдиган фавқулодда ва олдини олиб бўлмайдиган, кутилмаган ҳолатлар енгиб бўлмас куч таъсири ҳисобланади.
Шунингдек, товарлар вақтинча сақлаш ва божхона омбори божхона режимларида сақланаётган даврда авария ёки енгиб бўлмас куч таъсири оқибатида яроқсиз ҳолга келган, бузилган ёки шикастланган товарлар ваколатли шахс томонидан танланган божхона режимига у шу ҳолатда божхона ҳудудига олиб кирилган товар каби жойлаштирилади.
Хабарда ушбу ҳолат бўйича тадбиркорларда саволлар туғилса, 11 08 қисқа рақамли ишонч телефони, шунингдек, Божхона қўмитасининг + 998 55 502 76 00 (ички: 74-11, 74-10, 74-05) телефон рақамларига қўнғироқ қилишлари сўралган.
Тошкентдаги омборда кучли портлаш
Сергелидаги портлашда шикастланган BYD автомобиллари утилизация қилишга юборилади