ТОШКЕНТ, 29 сен — Sputnik. Россияда меҳнат мигрантларини ёллайдиган иш берувчилар зиммасига уларни турар жой билан таъминлаш мажбурияти юкланиши мумкин, деб ёзади “Известия” нашри.
Россия Давлат думасининг қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўйича қўмитаси аъзолари қуйи палата кўриб чиқиши учун тегишли қонун лойиҳасини киритади. Унга кўра, мигрантларни ишга олувчи компаниялар меҳнат шартномаси амал қилувчи муддатга уларни турар жой билан таъминлаши мажбурий бўлади.
Гап махсус ётоқхона, уйлар ёки квартиралар ҳақида бормоқда. Асосийси – мигрантларни расмий равишда турар жойи бўйича вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш.
Депутатлар қонунбузарлар учун 500 минг рублгача жарима тайинлаш ҳамда компания фаолиятини 90 кунчага вақтинча тўхтатиб қўйишни таклиф қилишмоқда. Агар ишчи мустақил равишда турар жой топса, иш берувчи жавобгарликдан озод қилинади.
Депутатлар бу чора “резинали” квартира муаммосини ҳал этишда ёрдам беради деб ҳисоблашмоқда.