ТОШКЕНТ, 29 сен — Sputnik. Ўзбекистон қонунчилигида 2023 йил 1 октябрдан бир қатор ўзгариш ва янгиликлар кучга киради.
Қуйида асосий ўзгаришлар билан танишиш мумкин.
Тадбиркорларга молиявий санкциялар фақат суд тартибида қўлланилади
Тадбиркорларга миқдори 10 миллион сўмдан юқори бўлган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун, агар тадбиркорлик субъекти ҳуқуқбузарликни инкор этса, молиявий санкцияларни фақатгина суд тартибида қўллаш амалиёти йўлга қўйилади.
Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга олганларга субсидия берилади
Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга ҳар бир шахс учун 3 ойдан ортиқ муддатда меҳнат фаолиятини давом эттиргандан сўнг БҲМнинг 3 баравари (990 минг сўм) миқдорида бир марталик субсидия ажратилади.
Бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав (фонди) капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно.
Шунингдек, қуйидагилар йўлга қўйилади:
- “Ишга марҳамат” мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларида жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш;
- жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ташкилотлардаги мавжуд бўш (вакант) ҳамда захирага қўйиладиган иш ўринларига ишга жойлаштириш тизими.
Шамол станциясида ишлаб чиқарилган электр учун сертификат
Электрнинг қайта тикланувчи манбалар асосида ишлаб чиқарилганини тасдиқловчи “яшил энергия” сертификати тизими қуёш, шамол ва гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилган электр учун жорий этилади.
Табиий газ шартномаларига оид маълумотлар Солиқ қўмитасининг ахборот тизимига киритилади
Ўзбекистондан табиий газни қувурлар орқали ташийдиган корхоналарнинг газни қабул қилиш ва узатиш нуқталарига хроматограф ҳамда электрон ҳисоблагичлар ўрнатилиши мажбурий ҳисобланади.
Шунингдек, табиий газ ва суюқ углеводородни реализация қилиш тўғрисидаги шартномаларга оид маълумотлар Солиқ қўмитасининг ахборот тизимига киритиб борилади ва мазкур шартномалар юзасидан электрон ҳисобварақ-фактуралар Солиқ қўмитасининг ахборот тизимига киритилган маълумотлар асосида шакллантирилади.
Халқаро IT-сертификатларини олиш харажатлари қоплаб берилади
Қонунчиликка кўра, B2 ва ундан юқори хорижий тил билиш даражасига эга фуқаролар томонидан тегишли йўналишларда халқаро IT-сертификатларни олиш харажатларининг 100 фоиз қисмини қоплаш тизими жорий этилади.
Сейсмик хавфсизлиги II–IV тоифадаги бино ва иншоотлар мутахассисларини сертификатлаш
Сейсмик хавфсизлиги II–IV тоифадаги бино ва иншоотлар бўйича лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш ва назорат функцияларини амалга ошириш йўналишларидаги фаолият юритувчи мутахассисларни сертификатлаш тартиби жорий этилади.
Нафақа ва моддий ёрдамлар бўйича аризалар қабули
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфига ўтказилади.
Шунингдек, аҳолига кўрсатиладиган барча турдаги ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар, шу жумладан кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдамлар бўйича аризалар “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали қабул қилинади.
Эксклюзив ҳуқуқлар берилган хўжалик юритувчи субъектлар реестри
Қонунчиликка кўра, эксклюзив ҳуқуқлар берилган хўжалик юритувчи субъектларнинг реестри (рўйхати) жорий этилади;
- Рақобат қўмитаси битим шартларини, товарлар реализация қилинадиган ҳудудни ва нархни белгилашга бир томонлама таъсир кўрсатиш имкониятига (устун музокара кучига) эга бўлган субъектларни аниқлайди ва улар томонидан устун музокара кучини суиистеъмол қилишни тақиқлайди;
- рақобатга қарши келишувни тузган ёки ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатни содир этган юридик ёки жисмоний шахс бу ҳақда Рақобат қўмитасига биринчи бўлиб ихтиёрий равишда хабар қилса, у рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликдан озод этилади.
Муниципал мулклар тўғрисидаги маълумотлар
Адлия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Кадастр агентлиги, Солиқ қўмитаси ва бошқа давлат органлари ахборот тизимларидаги муниципал мулклар тўғрисидаги маълумотлар ушбу тизимларни ўзаро интеграция қилиш орқали “Рақамли Тошкент” комплекс дастурига юкланади.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида белгиланган объектлар негизида компания томонидан лойиҳа қиймати 1 миллион долларгача эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади.
Сув ҳавзаларини ижарага бериш
Тадбиркорларга “E-auksion” электрон савдо платформасида электрон онлайн аукцион орқали қуйидагилар ижарага берилади:
- давлатга тегишли табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари) – балиқни саноат усулида етиштириш, овлаш ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мақсадлар учун;
- табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари) ҳамда дарё атрофидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари – сув бўйида пляж зоналарини ташкил этиш, спорт-ишқибозлик туридаги балиқ овлаш, балиқ ови, қайиқда сузиш ва сув саёҳати бўйича хизматлар кўрсатиш, балиқ маҳсулотлари, шу жумладан балиқ таомлари савдоси, умумий овқатланиш ва бошқа туризм хизматларини ташкил этиш ҳамда ушбу мақсадларда енгил конструкцияли қурилмаларни (ўтов лагерлари мажмуаси, контейнерларни) жойлаштириш учун.
Шаҳарсозлик соҳасидаги мутахассисларни сертификатлаш
Шаҳарсозлик соҳасидаги қуйидаги тоифа мутахассисларни уларнинг фаолият йўналишлари бўйича ҳар 3 йилда бир марта сертификатлаш тизими жорий этилади:
- лойиҳа бошқарувини ва техник назоратни, шу жумладан йўналишлар бўйича назоратни олиб борувчи мутахассислар;
- лойиҳа ташкилотларининг муаллифлик назоратини олиб борувчи мутахассислар, шунингдек, лойиҳа бош муҳандислари ва бош архитекторлари;
- пудрат ташкилотларининг ички назоратини амалга оширувчи мутахассислар.
Капитал бозорини ривожлантириш
"Капитал бозорини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қарорига кўра:
- давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналарнинг акциялари фонд бозорида оммавий таклиф қилиш орқали жойлаштирилгандан сўнг камида 7 йил давомида мазкур корхоналар соф фойдасининг камида 30 фоизи дивиденд тўлашга йўналтирилади;
- давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналарга хизмат кўрсатувчи андеррайтерларнинг хизмат ҳақи қимматли қоғозлар режалаштирилганга нисбатан қимматроқ ва (ёки) кўпроқ жойлаштирилганлиги натижасида шартномада келишилган миқдордан ошган ҳолларда, шартнома бошланғич нархини 10 фоиздан ортиққа оширмаслик тўғрисидаги чеклов бекор қилинади.
Она ва бола саломатлиги
Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг 14 ҳудудий филиали ташкил этилади.
Электр таъминоти ва газ учун тарифлар ўзгаради
Ёқилғи-энергетика ресурслари учун янги тарифлар жорий этилади. Истеъмолчиларнинг 1- ва 2-гуруҳ тоифаси учун электр энергияси 1 квт/соат учун 1 000 сўмгача (НКМК, ОТМК, Ўзбекистон металлургия заводи, бюджет ташкилотлари), қолган бизнес ва юридик шахслар учун квт/соатига 900 сўмгача оширилмоқда. Табиий газ тарифлари эса НКМК, ОТМК, “Ўзбекистон металлургия заводи” ва бюджет ташкилотлари учун бир кубига 1 800 сўмгача, бошқа ташкилотларга кубига 1 500 сўмгача миқдорда белгиланмоқда.
Давлат хизматларини уйда туриб олиш
Давлат хизматларини жойига чиққан ҳолда кўрсатиш ёки давлат хизматларидан фойдаланишга ариза юбориш учун Тошкент шаҳрида БҲМнинг 50 фоизи, вилоят марказларида — БҲМнинг 40 фоизи, туман (шаҳар)ларда — БҲМнинг 30 фоизи миқдорида бир марталик тўлов ундирилади. Ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар, соғлиғининг ҳолатига кўра мустақил ҳаракатланиш имконияти чекланган ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун тўлов ундирилмайди.
ID-карта ва хорижга чиқиш паспортларини почта орқали олиш
Ҳукумат қарори билан, 1 октябргача ID-карта ва хорижга чиқиш биометрик паспортини фуқароларнинг яшаш жойига почта жўнатмаси сифатида жўнатиш тизими йўлга қўйилиши белгиланган.
Мақолани ёзишда Адлия вазирлиги маълумотларидан фойдаланилди.