НАТО ҳарбий инфратузилмасининг Афғонистонга қайтиши Россия учун номақбул – Лавров

Россия ҳар қандай ҳолатларда АҚШ ва НАТО ҳарбий инфратузилмасининг Афғонистон ва унга қўшни давлатларга қайтарилишини номақбул деб ҳисоблайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 сен — Sputnik. АҚШ ва НАТО ҳарбий инфратузилмасининг Афғонистон ва унга қўшни мамлакатларга қайтиши Россия учун номақбул. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Афғонистон бўйича Москва форматидаги маслаҳатлашувлар иштирокчиларига йўллаган мурожаатида маълум қилди.
“Ҳар қандай ҳолатларда АҚШ ва НАТО ҳарбий инфратузилмасининг Афғонистон ва унга қўшни давлатларга қайтарилишини номақбул деб ҳисоблаймиз, улар қандай баҳоналар билан асосланишига қарамай”, - дея ўқиб эшиттирди Лавров мурожаатини Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов.
Россия ТИВ вазири мамлакат бу масалада ўта сергак бўлиш ниятида эканини билдирган ва Москва форматидаги барча ҳамкорларни бунга чорлаган.
Лавровнинг сўзларига кўра, Ғарб мамлакатлари Афғонистон халқига ўрнини қоплаб бўлмайдиган зарар етказган ва можародан кейин мамлакатни қайта тиклашнинг асосий вазифасини ўз бўйнига олмоғи керак.
“Шу боис Вашингтон томонидан афғон банклари активларининг блокланиши самарасиз ва шундоқ ҳам яшаш шароити яхши бўлмаган афғонларнинг вазиятини оғирлаштиради, холос”, - дея қўшимча қилган Россия вазири.
Қозонда Афғонистон бўйича Москва форматидаги маслаҳатлашувларнинг бешинчи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Москва форматидаги биринчи мажлис 2017 йил 14 апрель куни 11 та мамлакат ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари ва махсус вакиллари иштирокида (Россия, Афғонистон, Хитой, Покистон, Эрон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркманистон) бўлиб ўтган эди.
Бу форматнинг асосий вазифаларидан бир Афғонистонда тезроқ сулҳ ўрнатилишига кўмаклашиш.