ТОШКЕНТ, 29 сен — Sputnik. Америкалик тадбиркор Илон Маск, агар у Twitter ижтимоий тармоғи эгаси бўлмаганида, Канада парламентида украиналик нацист Ярослав Хункани шарафлаш ҳақидаги воқеа ошкор этилмаган бўларди, деб тахмин қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
“Канадалик нацистларнинг воқеасига шу тариқа ойдинлик киритилди. MSM (mainstream media, асосий ОАВ - таҳр.) бунга эътибор бермасликка ҳаракат қилди. Агар олим бу ҳақда ушбу платформада хабар қилмаганида, дунё бу ҳақда билмас эди, чунки (Канада бош вазири) Трюдо воқеани "Россия дезинформацияси" деб атаб, эътиборни воқеадан чалғитмоқчи бўлди. Аввалги Тwitter буни цензура қилган бўлиши эҳтимолдан холи эмас”, — деб ёзган Х ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири.
Ўтган йили ижтимоий тармоқни сотиб олган Маск унинг хабари остида “тўғри” деб ёзган.
Оттава университети сиёсатшуноси Иван Катчановски 98 ёшли Ярослав Хунка Владимир Зеленскийнинг ташрифи шарафига Канада парламентига таклиф қилинган воқеага биринчи бўлиб эътибор қаратди. Хунка уни олқишлаётганларга русларга қарши курашган фахрий сифатида таништирилган.
Олим Хунка аслида украин миллатчиларидан иборат бўлган ва нафақат Қизил Армия билан жанг қилган нацист қўшинларининг "Галичина" дивизиясининг жангчиси эканлигини таъкидлади ва далилларни тақдим этди. Бу дивизия яҳудийлар, поляклар, беларуслар ва словакларга нисбатан ваҳшийлик билан тарихда ном қолдирган.
Катчановски ёзганидек, Forward унинг шарҳларига биринчи бўлиб жавоб берди ва жанжал ҳақида хабар берган биринчи Ғарб ОАВ бўлди, шундан сўнг бу воқеа халқаро нашрлар саҳифаларида кенг ёритилди. Канада бош вазири Жастин Трюдо кейинроқ украиналик фашистларни шарафлаган “даҳшатли хатоси” учун узр сўради, бироқ бунинг учун масъулиятни ўз зиммасига олишдан бош тортди ва парламентнинг истеъфога чиққан спикерини айблади.