ТОШКЕНТ, 28 сен — Sputnik. Тошкент шаҳри Сергели туманида ёнғиндан жабрланган аҳолига 3 маҳал овқат ташкил қилинди. Бу ҳақда Сергели ҳокими Элбек Шукуров маълум қилди.
Сергели тумани ҳокимининг сўзларига кўра, ёнғиндан жабр кўрган аҳоли доимий назоратга олинган.
Уларга тиббий хизмат кўрсатиш билан биргаликда, 3 маҳал овқатлантириш ташкиллаштирилган. Саломатлигини тиклашга ҳамширалар бириктирилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлигига кўра, жабрланган аҳоли учун сайёр овқатланиш шоҳобчалари ташкил этилди.
Эслатиб ўтамиз, 28 сентябр куни соат 02:43 да Тошкент шаҳрининг Сергели туманида “Inter Logistics” компанияси омборида кучли портлаш содир бўлди.
ССВ хабарига кўра, ҳодиса оқибатида жабрланганларнинг умумий сони 163 нафарни ташкил этмоқда. 2006 йилда туғилган бир нафар ўсмир бола эса воқеа жойида вафот этган.
Ҳодиса тафсилотларини ўрганиш юзасидан бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ Тергов департаменти томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” ва ”б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.