ТОШКЕНТ, 28 сен — Sputnik. Тоғли Қорабоғ республикаси 2024 йил 1 январдан мавжуд бўлмайди. Тан олинмаган республика президенти Самвел Шахраманян тегишли фармонни имзолади, деб хабар бермоқда РИА Новости.
“2024 йил 1 январга уларнинг идоравий бўйсунишидаги барча давлат муассасалари ва ташкилотлари тарқатиб юборилсин ва Тоғли Қорабоғ Республикаси (Арцах) ўз мавжудлигини тўхтатади”, - дейилган фармонда.
Таъкидланишича, бу Қорабоғ халқи жисмоний хавфсизлиги ва ҳаётий манфаатларини таъминлаш устувор вазифасидан келиб чиқиб ва Россия тинчликпарвар кучлари воситачилиги Озарбайжон билан эришилган келишувларни инобатга олган ҳолда амалга оширилмоқда.
Тоғли Қорабоғ аҳолисига, жумладан, ундан ташқарисида бўлганларга Озарбайжон тақдим этадиган реинтеграция шартлари билан танишиб чиқиш таклиф қилинмоқда. Минтақада қолиш ёки қолмаслик тўғрисидаги қарорни ҳар бир киши мустақил қабул қилади.
Фармон эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
19 сентябрь куни Озарбайжон Қорабоғда “конституциявий тузумни тиклаш” мақсадида “маҳаллий аксилтеррор чоралари” ўтказилишини эълон қилди. 20 сентябрь куни Россия тинчликпарвар контингенти қўмондонлиги воситачилигида Озарбайжон томони ва Тоғли Қорабоғ вакиллари ўртасида жанговар ҳаракатларни тўлиқ бас қилиш тўғрисида келишувга эришилди. Унинг шартларидан бири Қорабоғ армиясини қуролсизлантириш ва арман ҳарбийларининг тан олинмаган республикадан тўлиқ чиқиб кетилиши бўлди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Тоғли Қорабоғни 65 мингдан зиёд киши тарк этишга улгурган.