ТОШКЕНТ, 27 сен — Sputnik. Ўзбекистон ва Озарбайжон қўшимча рухсатнома бланкаларини айирбошлашга келишиб олди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.
Халқаро автомобиль ташувлари бўйича Ўзбекистон-Озарбайжон қўшма комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда икки мамлакат ўртасида автомобиль транспортида халқаро юк ташувларининг бугунги ҳолати, томонлар миллий ташувчилари дуч келаётган муаммолар ва уларни ҳал этиш, ҳар икки томон ташувчилари учун тенг имкониятлар яратиш билан боғлиқ масалалар ҳамда хоржий рухсатнома бланкаларини айирбошлаш квотаси кўриб чиқилди.
“Йиғилишда 2023 йил учун қўшимча икки томонлама рухсатнома бланкаларини айирбошлаш ҳамда 2024 йилда айирбошланадиган рухсатнома бланкаларининг квотаси белгиланди”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, 2024 йилдан эътиборан давлатлар ўртасидаги рухсатнома бланкалари турлари транзит, икки томонлама ва уч томонламага ажратилди.
Хабарда Транспорт вазирлиги миллий ташувчилардан жорий йилнинг январь ойидан бошлаб олинган хорижий рухсатнома бланкаларини мақсадли ишлатиб, қайтаришларини сўраган.
Маълумот учун, "E-авто рухсатнома" ААТ орқали миллий ташувчиларнинг хорижий/кўп томонлама рухсатномаларга бўлган бир йиллик эҳтиёжи ҳақидаги маълумотларни шакллантиради. Хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан биргаликда рухсатнома бланкаларини айирбошлаш квотасини аниқлайди. Хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан рухсатномаларни айирбошлашни ташкил этади.