Жиззахда гибрид ва электр автомобиллар ишлаб чиқарилади

Хитойнинг етакчи BYD компанияси тез орада Жиззах вилоятида гибрид ва электр автомобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши кутилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитойнинг етакчи BYD компанияси президенти ва асосчиси Ван Чуанфу бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, BYD компанияси замонавий электромобиллар ва янги авлод аккумулятор батареяларини ишлаб чиқариш соҳасида глобал етакчи ҳисобланади. Бир йилда 2 миллион дона машина ишлаб чиқарувчи ушбу концерн дунё автомобиль саноати ривожланишининг асосий тенденцияларини белгилаб бермоқда.
“Учрашувда компаниянинг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари, хусусан, Жиззах вилоятида гибрид ва электр автомобиллар ишлаб чиқаришни тез фурсатда йўлга қўйиш ҳамда кейинги босқичларда унинг қувватини 300 минг донага етказиш масалалари кўриб чиқилди”, - дейилган хабарда.
Маҳсулот таннархини камайтириш учун бутловчи ва эҳтиёт қисмларини маҳаллийлаштириш лойиҳаларига ҳамда автомобилларни учинчи мамлакатлар бозорига экспорт қилишни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, мамлакатга BYD электробусларини етказиб бериш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича муҳандислик-сервис марказларини очиш режалари қўллаб-қувватланди.