“Ўзбекистон темир йўллари” негизида алоҳида корхоналар ташкил этилади

ЎТЙ таркибида инфратузилма, юк ташиш, йўловчи ташиш ва вокзаллар бошқаруви билан шуғулланувчи алоҳи корхоналар ташкил этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 сен — Sputnik. “Ўзбекистон темир йўллари” холдингга айлантирилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида темир йўл соҳасини ислоҳ қилишга оид ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
“Ўзбекистон темир йўллари”ни холдингга айлантириб, тизимда замонавий бошқарувни жорий қилиш, жумладан, инфратузилма, юк вагонлари ва логистика, йўловчи ташиш хизматлари ҳамда вокзаллар бошқарувини бир-биридан ажратиб, алоҳида корхоналар ташкил қилиш бўйича билдирилган таклифлар маъқулланди", - дейилган давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.
Вагонлар паркини янгилашга мўлжалланган кредит ва компенсация ажратиш механизмларини жорий қилиш вазифаси қўйилди.
Бундан ташқари, йиғилишда импорт вагонларининг катта қисми пойтахт ва вилоят марказларига кириб келиши оқибатида станцияларда тирбандлик юқори бўлаётгани кўрсатиб ўтилди.
Шу муносабат билан темир йўл юк станцияларини шаҳарлардан ташқарига кўчириш имкониятини ўрганиш зарурлиги қайд этилди. Бу шаҳарларда юк машиналари ҳаракатини қисқартиришга, туманларга қўшимча инвестиция киришига хизмат қилади.
Қайд этилишича, марказий вокзалларга кириб-чиқиш имконияти чекланган. Автомобиль сақлаш жойлари вокзаллардан узоқ. Вокзалларда савдо ва сервис хизматлари лозим даражада йўлга қўйилмаган.
Поезд тўқнашувлари ҳолатларининг олдини олиш учун барча автомобиль ва темир йўл кесишмаларини назорат қилиш, йўл белги, шлагбаум ва камералар ўрнатиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.