Абай Қўнонбоев — қозоқ адабиёти асосчиси
Абай Қўнонбоев (Абай Құнанбайұлы) – қозоқ шоири, файласуфи, ёзувчиси, қозоқ ёзма адабиёти асосчиси, таржимон ва бастакор.
SputnikАбайнинг ёшлиги
Асл исми Иброҳим Қўнонбоев 1845-йилнинг 10-августида Қозоғистоннинг Еттисув вилоятига қарашли Чингизтоғ (ҳозирги Абай) туманида дунёга келган. Унинг отаси Қўнонбой Ўсконбой ўғли қозоқ уруғлари ичидаги бадавлат инсонлардан эди.
Иброҳимнинг онаси ва бувиси ёшлигидан эркалатиб Абай (эҳтиёткор, уйчан маъносида) деб чақиришар эди. Кейинчалик бу ном шоирнинг тахаллусига айланади.
Абай дастлабки таълимни ўз овулидаги мулладан олади, 10 ёшида отаси уни Еттисув (Семипалатинск) шаҳридаги мадрасага ўқишга юборади. У ерда Абай 3 йил давомида араб, форс тилларини ўрганади ҳамда эртак, афсона ва ҳикояларни ўқий бошлайди.
Шунингдек Абай Шарқ мумтоз адабиётининг Фирдавсий, Саъдий, Хусрав Деҳлавий, Навоий, Фузулий, Бобур, Нодира асарлари билан танишади, уларнинг ғазалларини ёдлайди ва ҳатто ўзи ҳам уларнинг асарларига тақлидий шеърлар ёза бошлайди.
1858 йилда, 13 ёшида Абай Шарқ адабиёти намоёндаларига бағишлаб ушуб шеърини ёзади:
Фузулий, Шамсий, Сайқалий,
Навоий, Саъдий, Фирдавсий,
Хўжа Ҳофиз – бу хаммаси,
Мадад бер, ё шуаро фариёд.
Мадрасада ўқиган вақтларида Абай бир вақтнинг ўзида “Приходская школа” – черков ёнидага мактабда ҳам қатнаб туради. Бу ерда у рус тилини ўрганишга интилади. Рус тили келажакда унга рус адабиётининг буюк намуналарини мутолаа қилишга ёрдам беради.
Лекин 13 ёшида отаси Қўнонбой Абайга эл бошқариш лавозимини олиб бериш мақсадида ўқишдан бўшатиб ўз овулига олиб кетади. Шу вақтдан бошлаб Абай овулдаги халқ бошқариш ишларига аралаша бошлайди.
Иш фаолияти давомида Абай ҳаётнинг пасту баландини кўради, эл орасидаги зиддиятларни, зўравонлик ва қарама-қаршиликларнинг гувоҳи бўлади. Абай ўз ишида адолатга, халқ учун фойда келтиришга интилади, лекин атрофда уни қўллаб-қувватлайдиганлар топилмайди.
1978 йилда жуда кўп қийинчиликлар, ва ўзига нисбатан ёғдирилган туҳматлардан сўнг Абай бўлисликдан (ҳокимликдан) бутунлай воз кечади. Кейинчалик Абайнинг бу кечинмалари унинг асарларида акс этади.
Кўнглим қайтди дўстдан-да, душмандан-да, Алдамаган ким қолди тирик жонда? Олис-яқин қозоқнинг барин кўрдим, Ёлғиз-ярим бўлмаса онда-сонда.
Кўнглим қайтди дўстдан-да, душмандан-да,
Алдамаган ким қолди тирик жонда?
Олис-яқин қозоқнинг барин кўрдим,
Ёлғиз-ярим бўлмаса онда-сонда.
Абай ижоди
Абай мадрасада ўқиб юрган йилларидан бошлаб шеърлар ёза бошлайди, аммо отасидан чўчиб ҳеч кимга кўрсатмайди. У 19 ёшида ёзган “Алифбо” шеърида халқни маърифатга, илм олишга ундайди.
28 ёшида бошқарув ишидан воз кечган Абай 40 ёшига келиб яна шеъриятга қайтади. Бу ёшида Абай Абай ҳар томонлама билимли, ҳаёт қийинчилигини кўрган, кенг дунёқараши шаклланган шахсга айланган эди.
1886 йилдан бошлаб у шеъриятга астойдил киришади ва ўзининг энг чуқур мазмунли асарларини яратади.
Қозоғим, шўрли юртим, вайрон юртим!
Қоронғуда йўл топмай, ҳайрон юртим!
Ёмон билан яхшини фарқ қилолмай,
Оғзида ҳам қон, ҳам мой, сарсон юртим!
Қарасам, ажабтовур юзинг сенинг,
Нечун ахир, алдамчи сўзинг сенинг?
Доноларнинг ҳикмати писанд эмас,
Ғофил қолган, адашган ўзинг сенинг!
Тунда уйқунг бузилар, кундуз – кулгинг,
Дардингга эм бўлади, молинг-мулкинг!
Очкўзсан, таъмакорсан, қурумсоқсан,
Бор савлатинг бошингга кийган тулкинг…
Бий бўлди қийқим бойлар бош-бошига,
Доғ солди, заҳар солди юрт ошига,
Қўрқаман, асоси йўқ кўр сингари,
Элим унар бузуқлар алдашига!..
Оталарга ўхшамай қолди турқинг,
Ёпирай, мунча кетди, элим, хулқинг!
Бирлик йўқ, барака йўқ, бузулди феъл,
Қани йиққан давлатинг, боққан йилқинг?
Элат билан – элат ёв бойлик учун,
Оға билан – ини ёв сийлик учун,
Қозоғим, ўз-ўзингни ўйламасанг,
Бадбахт кунга қолмасми тақдир бутун?
Мен нетай, ахир кимга умид боғлай?
Қўрқоқ қуллар юртида не бахт чоғлай?
Бир йўлчи топилмасми сарсон элга,
Мен излай, мен ахтарай, мен сўроқлай…
Шоир ўзининг "Қозоғим, шўрлик юртим, вайрон юртим", "Бойлар юрар молин қўрғалатиб", "Адашганнинг олди жўн", "Кўнглим қолди дўстдан ҳам, душмандан ҳам", "Сизга ким илм берар, ёнмай ётиб сўнсангиз", "Дунё ҳам, мол ҳам — илмга кўнгил берсангиз", “Илм топмай мақтанма”, “Ёшликда илм деб ўйладим”, “Интернатда ўқийди”каби ва бошқа шеърий асарларида халқни маданиятга, илм ва маърифатга, буюк инсоний фазилатларга даъват этади.
Шунингдек, у ёшларни илм олишга ва тарбиявий характерга эга бўлган "Нақлия сўзлари", яъни насиҳатлар тўпламини яратади. 45 та катта-кичик ҳикоялардан иборат ушбу асарлар тўплами қозоқ халқининг олтин мероси ҳисобланади.
Абай 1889 йилда "Қозоқ халқининг келиб чиқиши ҳақида мухтасар сўз" номли илмий-тарихий мақоласини ёзади.
Абайдан бизгача 200 га яқин шеърий асарлари билан 3 та достон - "Искандар", "Азим ҳикояси", "Маъсуд" етиб келган.
Баъзи ўсмир замондошлар хафа қилар,
Уқуви йўқ, ҳар қадамда хато қилар.
Ор-номуси, тоқати йўқ, ишончи йўқ,
Тайини йўқ, фақат кайфу сафо қилар.
Ёмон билан яхшини фарқ қилса, кошки,
Ёки дину диёнатин билса кошки;
Қасам ичиб, лоф уриб излагани
Бир от билан ошдан нари жилса кошки.
Бундай ёшлар ўз юртининг кўрнамаги,
На ўқийди, на бир ҳунар ўрганади.
Меҳнат қилмай, бир амаллаб мол топмоқчи,
На имону на инон бор, сургалади.
Унда уни алдайди у, бунда буни,
Жон берсанг ҳам, топилмайди сўзнинг чини.
Гумдон бўлса, элга қиттак зиён келмас,
Бир семизроқ от бўлади унинг хуни.
Абайнинг асарларида халқини илм-маърифатга, инсонийликка даъват этувчи ғоялар билан бир қаторда, соф муҳаббат, чин дўстлик ва эллар орасидаги биродарлик ғоялари ҳам куйланади.
У ўз асарларида "дўстликсиз, муҳаббатсиз ҳаёт бўлиши мумкин эмас", "ҳаётда инсон инсонни севмасдан, жамият учун астойдил хизмат қилмасдан яхши яшаш мумкин эмас" - каби ғояларни илгари суради.
Унинг "Йигитлар, ўйин арзон, кулги қиммат", "Эй муҳаббат, эй дўстлик", "Қиз сўзи", "Йигит сўзи", "Ошиқ сўзи - тилсиз сўз", "Баъзан тушар кўнглимга", "Ошиклик ва хуморлик - бу икки йўл", "Сен мени не эта- сан?...", "Ёшлик алангасиб қайдасан?" каби шеърлари шундай мавзуларга бағишланган.
Қалин соч, орқасига тушган ўрим,
Кокилин қоқиб аста юрса пўрим.
Сувсар бўрик, оқ томоқ, қора қошли,
Кўрдингми сулув қизнинг шундай турин?
Жовдираган қора кўзи ойнадайин,
Юракни ловуллатар кўрган сайин.
Момиқдайин оқ бадан, очиқ юзли,
Маржон тишли кўрдингми қизнинг ҳолин?
Абай шарқ мумтоз адабиёти билан бир қаторда рус адабиётининг буюк ижодкорлари, классик ва замонавий асарлари билан танишади. Хусусан, Белинский, Чернишевский, Добролюбов, Л. Толстой, А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтов ва бошқалар асарларини ўқийди. Байрон, Гёте ва баъзи рус адабиёти намоёндаларининг асарларини қозоқ тилига таржима қилади.
Абайнинг Пушкиннинг “Евгений Онегин” асари асосида битган “Татьянанинг қирдаги қўшиғи” номли туркум шеърлари қозоқ адабиётининг энг яхши намуналаридан бўлиб қолди.
Абай устоз сифатида ҳам кўпгина ёш шоирларни тарбиялади, уларга ҳомийлик қилди. Шу ўринда ўғли Мағавиянинг (1863-1904) “Медғат Қосим”, Оқилбойнинг (1863-1904) “Қиссаи Юсуф” каби достонлари яққол мисол.
Абай ўланчи ва бастакор
Маълумки қозоқ халқида дўмбра билан ўлан айтувчи шоирлар (оқин) қадимдар мавжуд бўлган. Абай ўз замонининг ана шундай оқинларига ҳам юқори талаб қўяди ва маза-матрасиз шеърлар ёзиб юрган ижодкорларни кескин танқид қилади.
Ўлан - сўзнинг пошилоси, сўз сараси,
Қийиндан қийилтирар эр донаси.
Тилга енгил, юракка илиқ тегиб,
Теп-текис, силлиқ келсин айланаси.
Сараланмай булғанса сўз ораси,
Бу - оқиннинг билимсиз - бечораси.
Ҳам оқин, ҳам тингловчи кўпи нодон,
Сўз танимас бул юртнинг бир пораси.
Сўз боши аввал ҳадис, оят бўлур,
Шираси ҳам маъноси гоят бўлур.
Пайғамбар ҳам сўзини ўлан қилган,
Ўлан айтай, шоядки кўнглим тўлур.
Абай бастакор сифатида ҳам қозоқ халқи мусиқа тарихида “Саккиз аёқ”, “Айтдим салом, қаламқош”, “Мен кўрдим баланд қайин қулашин”, “Желсиз тунда ёриқ ой”, “Нечаро, қайтдим сездирмай” каби асарлари билан алоҳида ўрин эгаллайди.
У ўз шеърларига халқ куйлари асосида куй басталаган. Абайгача қозоқ шеъриятида икки хил ўлан ўлчовлари мавжуд бўлган: “Қора ўлан” билан “Жф”дир. Шоир эса рус ва жаҳон шеъриятини чуқур ўрганиб ўланлар вазнини ўн еттитага етказди.
Шу ўринда шоирнинг “Саккиз аёқ” шеъри билан 16 тармоқли “Сен мени нетасан?” асарини эслаш лозимдир.
Мен ўланни ёзмайман эрмак учун,
Ўтган-кетган гапларни термак учун.
Мен ўланни ёзаман тушунганга,
Авлодимга бир сабоқ бермак учун.
Сўзимни тентак уқмас, зийрак уқар,
Кўнглининг кўзи очиқ, сергак уқар.
Қийшиқ-қинғир йўллардан келма менга;
Тўғри кел, кўп сир очиб ташлай сенга.
Эҳтимол, биринчи гал уқмассан ҳам,
Ўлан алифбесидан бошлай сенга.
Айтиб қўяй, ёқмаса шу замоноқ айт;
Янги ўлан сўрамай, овулингга қайт.
Мен ўланда афсона куйламадим,
Олтиндан қуйма қизни ўйламадим.
Кексаларга ҳеч ўлим тиламадим,
Ёшларга ёмон бўл, деб сўйламадим.
Жирканмайин, сўз аслин мендан сўра,
Сўзимнинг таги теран, пайқаб қара.
Абай меъросини ўрганиш
Қозоқ адиби, йирик сўз санъаткори Абай 1904 йил 6 июлда 59 ёшида вафот этди.
Шоир вафотидан сўнг унинг умри билан ижодий санъати, фалсафаси, ижтимоий, эстетик кўз қарашлари, қозоқ назмидаги шеър тармоғи, мусиқий мероси хақидаги изланишларни ўз ичига олувчи абайшунослик йўналиши пайдо бўлди.
Шу жумладан, Мухтор Авезов ўз умрининг каттагина қисмини Қўнонбоевнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятини ўрганишга сарфлаб, у ҳақида кўп жилдли “Абай йўли” эпопеясини яратган. Адибнинг аксар асарлари ўзбек тилига Миртемир ва бошқа шоир, ёзувчилар томонидан ўгирилган.
Маърифатпарвар шоирнинг асарлари биринчи марта Санкт-Петербургда “Қозоқ шоири Иброҳим Қўнонбой ўғлининг шеърлари” деган ном билан чоп этилган. Адибнинг насрий асарлари 1918 йилда Семипалатинскда, 1922 йилда “Танланган шеърлари” Тошкентда нашр қилинган.
Бир сўз билан айтганда, Абай қозоқ адабиёти ва қозоқ тилига асос солди, қозоқ халқини бошқа халқлар маданиятидан баҳраманд қилди. Улкан адабий мероси, илм-маърифатга элтувчи, адолатни куйловчи шеърлари билан шарқ адабиёти юлдузлари қаторидан муносиб жой олди.
Абайнинг адабий мероси ўзбек, татар, қирғиз, қорақалпоқ, турк, мўғул, хитой, чех тилларига таржима қилинган.
ЎН БЕШИНЧИ СЎЗ
Менинг назаримда, аклли киши билан ақлсиз кишини ажратиб турадиган битта нарса бор.
Авваламбор, бандаси яратилгандан кейин, дунёдаги мавжуд нарсаларга қизиқмай иложи йўқ. Худди ана шу пайт унинг умрида энг қизиқ даври бўлиб эсида қолади. Шунда ақлли одам келгусида нафи тегадиган бир ишга меҳр қўйиб, ихлос билан ёпишар экан-у, бир кун унинг ана шу қизиққан нарсаси ўзининг севган касбига айланиб, кунига яраб, кўз кўрадиган, қулоқ эшитадиган, кўнгил севадиган бўларкан. Ниҳоят, шундай ўтган умрнинг ўкинчи ҳам бўлмас экан.
Ақлсиз киши нимаики кўрса - шунга ҳавас қилиб ва уларнинг бирортасини ҳам бошини тутолмай, не-не тил- лага топилмайдиган умрини ит азобида хор-зорлик би- лан ўтказиб юборар экан-у, кейинги ўкинчидан фойда чиқмас экан. У одам ўзини ёшлигида, бу ҳунар бўлмаса, у ҳунар, деб ўзини ҳар ишга қодир сезиб, у шохдан бу шох- га учиб-қўниб, гўё ёшлиги абадий тураверадигандай, бе- лининг қуввати, кўзининг нури кетиб қаримайдигандай кўринаркан-у, вақти келиб, тушуниб, бирор ишнинг боши- ни ушлайман, деганда, ёши ўтиб, кучи кетиб, қўлидан ҳеч нарса келмай қолар экан.
Кейин ҳар нарсага бир қизиқиш масаласи. Агар бирор нарсага қизиқсанг — бора-бора уни севиб қоларкансан, киши. Бир нарсани севишнинг ўзи ҳам бир дард бўларкан. Ана шу севган ишингга, касбингга етай-етай деб турганингда, одамда кандайдир бир мастлик, мағрурлик пайдо бўларкан. Маълумки, ҳар қандай мастлик кишининг айбини кўпрок юзага чиқарар, кўзларини шира бостирар, мағрурлантириб юборар экан. Ана шундай пайтда эслик одам эсини йўқотиб қўймай, акд-хушини бир жойга йигиб олиб, ўз касби-корининг этагидан маҳкам ушлар экан. Эссиз, овсар кишилар эса боши айланиб, кўзи тиниб, босар-тусар жойини билмай, ҳовлиқиб, бош яланг, эгар-тўқимсиз отини камчилайверар экан - мен шуни кўрдим.
Агарда сен ҳам ақлли кишиларнинг сафида бўлгинг келса, хар куни бир марта, ё ҳафтада бир марта, ҳеч бўлмаса ойида бир марта ўзингга ўзинг ҳисоб бер! Утган умринг- ни қандай ўтказибсан: на илмга, на жамиятга ва на ўзингга фойдали бирор иш қилибсанми? Ё эса кандай қилиб ўтказганлигингни ўзинг ҳам сезмай колибсанми?