ТОШКЕНТ, 23 сен — Sputnik. Олтойда халқаро бахшилар қурултойи бўлиб ўтди, унда ўзбек олимлари ҳам иштирок этишди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.
Горно-Алтайск шаҳрида “Замонавий маданиятда эпик мерос” халқаро форуми ва Халқаро бахшилар қурултойи бўлиб ўтди. Қурултойда ўзбекистонлик олимлар, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети катта ўқитувчиси Анвар Бўронов ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Фаррух Жабборов иштирок этди.
Олтой Республикасининг М.В.Чевалков номидаги Миллий кутубхонаси мажлислар залида “Эпик мероснинг замонавий санъат ривожига таъсири” мавзусида анжуман ташкил этилди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон ҳамда Бошқирдистон, Саха (Якутия), Тива, Хакасия, Татаристон, Москва ва Санкт-Петербургдан олимлар, режиссорлар, санъаткорлар халқ оғзаки ижоди тўғрисида сўз юритишди.
"Анвар Бўронов Олтой ва Ўзбекистон топонимлари орасидаги ўхшашликлар юзасидан маъруза қилди. Фаррух Жабборов эса ўзбек “Гўрўғли” туркум достонларида қаҳрамонларнинг ерости олами ва самовий сарҳадларга сафарлари, бундай сюжетлар билан олтой фолклоридаги параллеллар хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирди", — дейилади хабарда.
Олтойда халқаро бахшилар қурултойи бўлиб ўтди
© Министерство высшего образования, науки и инноваций
Шунингдек, иштирокчилар А.В.Анохин номидаги Миллий музейда олтой кайчилари ички бўғиқ овозда куйлаш маҳоратидан машғулот ўтишди. Учрашувда Россияда хизмат кўрсатган артист, кайчи Ногон Шумаров анъанавий ижрочиликнинг ўзига хосликлари ҳақида маълумот берди. Халқаро бахшилар қурултойининг кўп карра ғолиблари Кидраш Шумаров, Наталя Енчинова, Монуне Тайтиков ҳамда ёш кайчи Тимур Минаков чиқиш қилди.