ТОШКЕНТ, 22 сен — Sputnik. Хитой раҳбари Си Цзинпин ва унинг суриялик ҳамкасби Башар ал-Асад жума куни биргаликда Хитой ва Сурия ўртасида стратегик шериклик ўрнатилганини эълон қилди, — деб хабар қилмоқда Хитойнинг Синьхуа агентлиги.
“Бугун биз биргаликда стратегик шериклик ўрнатилгани ҳақида эълон қиламиз, бу икки давлат ўртасидаги муносабатлар тарихидаги муҳим босқичга айланади”, деди Си Цзиньпин. Учрашувдан видеолавҳа Хитой марказий телевидениеси томонидан намойиш этилди.
“Хитой Сурияни чет эл аралашувига қарши туришда, бир томонлама қўрқитишга қарши туришда, миллий мустақиллик, суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳимоя қилишда қўллаб-қувватлайди.
Хитой Сурия билан “Бир камар, бир йўл” ташаббусини қуриш бўйича ҳамкорликни кучайтиришга, шунингдек, Суриядан юқори сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортини кўпайтиришга тайёр”, - деди Си Цзиньпин.
Ўз навбатида Сурия президенти Хитойнинг ички ишларига ташқаридан аралашишни қоралади ва Хитойнинг узоқ муддатли ишончли ҳамкори бўлишга тайёрлигини тасдиқлади.
“Сурия Хитойнинг ички ишларига аралашишга қатъий қарши чиқади ва Хитойнинг узоқ муддатли ва ишончли дўсти ва ҳамкори бўлишга тайёр”, — деди Асад.
Эслатиб ўтамиз, Сурия президенти Башар Асад рафиқаси Асма Асад билан пайшанба куни Хитойнинг Ханчжоу шаҳридан ўзининг расмий ташрифини бошлаган эди. Ушбу ташриф Сурия президентнинг салкам 20 йил ичида Хитойга амалга оширган биринчи ташрифи бўлди. Хитой марказий телевидениеси ҳабарига кўра, Асад Ханчжоудаги 19-Осиё ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этади.
Хитой Сурия инқирози бошланган 2011 йилдан бери Асад ташриф буюрган олтинчи давлат бўлди. Бундан олдин Сурия президенти Россия, Эрон, БАА, Уммон ва Саудия Арабистонига ташриф буюрган.