Шу кунлрда америкаликлар атом бомбасини қандай ясаган ва ишлатганлиги ҳақидаги "Оппенгеймер" фильми барча қитъаларда ўйнаб, рекорд касса рекордларини тўпламоқда. Ноланнинг янги дурдона асарининг асл маъноси нима?
Бундай даражадаги режиссёр томонидан суратга олинган ушбу мавзудаги блокбастер шунчаки кино эмас, балки вассалларга, рақибларга ва ички аудиторияга юбориладиган мураккаб ташвиқот хабари (мессеж) эканлиги аниқ.
Расмий равишда биз уч соат давомида энг ақлли олим, Америка атом бомбасининг отаси азобини кузатамиз. Кейин у садист FBI ходимлари томонидан сўроқ қилинади. Ҳарбийлар қўрқитмоқда. Шунда бирдан виждон азоби уни босиб ола бошлайди. Актёр Силлиан Мерфининг катта-катта кўзларида доимо қайғу акс этган.
Аммо, эътиборни актёрлик маҳоратидан бироз четлатиб назар солсак, биз энг истеъдодли олимни эмас, ўта кеккайган, бир шуҳратпарат олимга кўзимиз тушади. Ҳарбийлар эса унинг ушбу заифлигидан ўз мақсадларида фойдаланади.
Америка ҳарбийлар қўлига тушган Оппенгеймер бирин-кетин хиёнат қилишга мажбур бўлади, дастлаб дўстларини кейин ўзининг энг яширин ички сирларини ҳам сотишга мажбур бўлади. Буларнинг ҳаммаси ўз мансаби йўлида. Шу билан бирга у ўзини қурбон қилиб кўрсатишни ҳам унутмайди.
Опенгеймер, ўзининг ғамгин кўзлари билан инсоният тақдири ҳақида қанчалик "қайғурмасин" Хиросимада атом бомбаси муваффақиятли портлатилганидан сўнг унинг ўз ходимларига айтган сўзлари унинг ҳақиқий юзини фош қилади.
"Дунё бу кунни эслаб қолади. Бомба портлаши натижаларини баҳолашга ҳали эрта, лекин бу японларга маъқул келмаслигига мен аминман. (Залда кулги, гулдурос қарсаклар.) Мен сиз билан фахрланаман... Афсуски, ундан (бомбадан) Германияга қарши фойдаланишга улгурмадик.(Кулги, қарсаклар, олимлар ўринларидан сакраб туришади, Америка байроқларини силкитишади, “Оппи! Оппи!” деб бақиришади)”.
Актёр Мерфи бу "ғалаба" сўзларини ҳаяжон билан қалтираб тилга олади. Лекин мана шуни умумжаҳон эътиборига олиб чиқаётган режиссер Ноланнинг асл мақсади нима? Наҳотки у АҚШнинг ўша иблисона шафқатсизлигини шу тарзда қораламоқчи?
Йўқ, умуман бундай эмас. Нолан Американинг қонхўр ҳарбий машинаси ғалабасидан очиқчасига завқланмоқда. Ҳа бу машина дунёнинг нариги чеккасида юз минглаб қишиларни ўлдиришга, ҳар қандай истеъдодни синдириш ва уни ўзига қуллик билан хизмат қилишга мажбурлаш, мамлакатлар ва халқларни йўқ қилиш учун илмий ютуқлардан фойдаланишга қодир. Ва буларнинг барчаси фақат дунё устидан ҳукмронлик қилиш учун.
Фильмнинг энг даҳшатли саҳнаси — бу атом бомбаси ташлаш керак бўлган нишонини танлаш эпизоди. Қўмита йиғлишида давлат раҳбарлари Япониянинг қайси шаҳарларини бомбардимон қилиш кераклигини хушмуомалалик ва хотиржамлик билан муҳокама қилишади. Қурбонлар сони тахмин қилинади. Оппенгеймернинг фикри сўралади. Ҳарбийлар гапиради. Мудофаа вазири Генри Стимсоннинг қалами ўн бир шаҳар рўйхати устида турибди. Шаҳарлар дастлаб ўн иккита эди, лекин Стимсон Киотони рўйхатдан ўчиради, чунки у рафиқаси билан асал ойини ўша ерда ўтказган ва шаҳарни жуда яхши кўриб қолган экан. Бу ҳақиқий тарихий факт.
Режиссёр бу эпизоднинг ҳар дақиқасидан завқланади - гўёки унинг ватандошлари олимп худолари каби инсоният тақдирини том маънода ҳал қилмоқда. Бу саҳна, албатта, АҚШнинг бутун дунё бўйлаб қудратини кўз-кўз ва тарғиб қилиш мақсадида тасвирланган.
Шу ўринда Стенли Кубрикннг "Доктор Стрейнжлав ёки мен атом бомбасини қандай яхши кўриб қолдим" номли фильмини эсга олсак. Унда ҳар бир кадр Вашингтон ҳеч қандай сабабсиз бошлашга тайёр бўлган ядровий урушнинг шафқатсиз бемаънилиги ҳақида қичқиради.
Ноланнинг "мессежлари" эса бутунлай бошқача. "Оппенгеймер" фильми ядровий уруш ва у келтириб чиқарадиган оқибатлар борасида ҳеч қандай пацифизм (урушга қаршилик қилиш) эмас - аксинча, бу соф қўрқитиш. Бу, айниқса, Россияда яққол кўринади - ахир, АҚШнинг атом бомбаси, аслида, бизнинг мамлакатимизга қарши яратилган.
Бош қаҳрамоннинг барча кўз ёшлари ва нолаларига қарамай, фильмнинг асосий ғояси асосий мессежи битта — америкаликлар, ўзлари айтганидек, "буни яна такрорлаши мумкин".
Ўзларининг америкалик аудиториясига эса бошқачароқ мессеж юборилмоқда — биз энг зўр, супер технологиялар эгаларимиз ва Ер юзида қанча хоҳласак, шунча одамни жазосиз йўқ қила оламиз. Бу, албатта, ташвиқот ва ёлғон, лекин фильмда ҳаммаси жуда ишончли тақдим этилган. Америкаликларга манзур бўлиши керак.
Дунёда Ноланнинг фильми қандай қабул қилиниши қизиқ. Албатта, япониялик томошабинлар ҳайратда. Фильм у ерда дарҳол экранларга чиқарилмаган. Ҳа, японлар Хиросима ва Нагасаки портлашларида ўзлари "айбдор" эканликларига аллақачон ишонч ҳосил қилишган. Аммо фильмда бу қирғинлардан сўнг Америка элитасининг шодлиги шунчалик очиқ кўрсатилган, уларнинг юзларда жуда катта бахт акс этган-ки — бу японларга ёқиши мумкин эмас...
Японлар афсус билан шотландиялик комедиячи Френки Бойлнинг сўзларидан иқтибос келтирадилар: "Америка нафақат сизнинг мамлакатингизга шунчаки бостириб кириб, ҳаммани ўлдириш билан кифояланмайди. Улар яна йигирма йилдан кейин қайтиб келиб америкалик аскарларнинг ҳаммани ўлдириши нақадар қайғули бўлгани ҳақида фильм ҳам суратга олади".
Хитойда, аксинча, фильм яхши қабул қилинди: у эрда "Оппенгеймер" яхши тушумлар, томошабинлар ва танқидчиларнинг энг юқори баҳоларини олди. Япония истилоси остида бўлган ва уларнинг ҳарбийлари томонидан қийноққа солинган Хитой халқининг авлодлари Япония ҳукумронлигига чек қўядиган бомбани қандай туйғу билан кутиб олганини тушуниш қийин эмас.
Россия учун эса, нозик психолог Ноланнинг фильми Америка эстеблишменти (раҳбарияти) ҳақида яна бир фактни очиқлади. У ерда ҳамма нарса пул ёки фойда билан эмас, балким ҳокимиятга бўлган соф иродаси, фақат ҳукмронлик иштиёқи билан бошқарилади. Яъни ўзларининг гегемонлиги учун бу йигитлар бутун дунёни чангга айлантиришга қодир.
Бунга фильмнинг бир саҳнасида амин бўлиш мумкин. Ўша вақтларда олимлар орасида шундай теория бўлган: агар Ер юзида бирор жойда очиқ атмосферада ядровий реакция бошланса у бутун Ер атмосферасини ёқиб юбормагунча ва инсониятни йўқ қилмагунча тўхтамайди. Опенгеймер шундай эҳтимоллик борлиги ҳақида АҚШ генрералига тушунтрганида у ҳаяжонга тушади, лекин бомба синовларини тўхтатмайди.
Бир вақтлар америкалик ҳарбий таҳлилчи Ҳерман Кан СССР билан ядро урушида ғалаба қозониш учун ўттиз миллион америкаликни қурбон қилишни таклиф қилган эди. Шубҳасиз, Вашингтонда ҳамма ҳам ана шундай ақлдан озган эмас. Лекин АҚШ ҳокимиятида шундай шахслар ҳам бор. Кристофер Ноланнинг янги фильми айнан ўшалардан бизга мессеж етказмоқда.