Автомобилсиз кун: Экология вазирлиги барчани жамоат транспортидан фойдаланишга чақирди

Экология вазирлиги барчани бугун шахсий автомобиллар ўрнига жамоат транспорти, метро, велосипеддан фойдаланишга чақирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 сен — Sputnik. Бугун Ўзбекистонда “Автомобилсиз кун” сифатида нишонланади, дея хабар берди Экология вазирлиги.
Айтилишича, мазкур кунни нишонлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 ноябрдаги тегишли қарорига мувофиқ амалга оширилади.
“Вазирлик барчани "Автомобилсиз кун"га бефарқ бўлмасликка, шахсий автомобиллар ўрнига жамоат транспорти, метро, велосипед каби атмосферага камроқ зарар етказадиган транспорт воситаларидан фойдаланишга чақиради”, — дейилади хабарда.
"Автомобилсиз кун"ни ўтказишдан асосий мақсад автомобиллардан чиқаётган турли заҳарли газлар орқали атмосферанинг заҳарланишини камайтиришга ҳисса қўшишдан иборат. Шунингдек, пиёда юриш ва велосипедда сайр қилишни кенг тарғиб этиш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг оммалаштириш мақсад қилинган.
Эслатиб ўтамиз, апрел ойида пойтахтнинг турли ҳудудларида "Автомобилсиз кун" тадбирлари ўтказилганди.
Дунёда "Автомобилсиз кун" тадбири 1995 йилдан буён ўтказилади. Жаҳон узра оммалашганганига эса 23 йил бўлди.