ТАШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. Россия молия органлари дўст давлатлар орқали чиқиб кетаётган капитал оқимини чеклаш учун баъзи валюта чекловларини қайтадан жорий қилиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат молия вазири ўринбосари Алексей Моисеев Давлат думасидаги йиғилишда маълум қилди.
“Валюта назоратини тиклашга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар кўриб чиқилмоқда. Ҳозир уларни номини маълум қилишни истамайман, чунки чора-тадбирлар ҳали муҳокама қилинмоқда”, — деди амалдор. Унинг сўзларидан РИА Новости иқтибос келтирган.
Унинг тушунтиришича, бу чора-тадбирларнинг қайси бири амалга оширилиши ҳозирча аниқ эмас, умуман олганда, улар дўст давлатлар орқали Россиядан чиқиб кетаётган капитал оқимини назорат қилишга қаратилган.
Ишлаб чиқилаётган ечимлар валюта курсининг қисқа муддатли тебранишларини барқарорлаштиришга ёрдам беради, дея хулоса қилди Моисеев.
Кейинчалик Росссия Марказий банки раиси ўринбосари Алексей Заботкин регулятор ҳали ҳам янги валюта чекловларини жорий этишни қўллаб-қувватламаслигини таъкидлади. Унинг тушунтиришича, ҳозир амалда бўлган чоралар “бизга қўйилган чекловларга нисбатан” симметрик бўлиб қолмоқда.
Молия вазири Антон Силуанов сентябрь ойи бошида айтганидек, Россия Молия вазирлиги ва Марказий банк валюта назорати механизмини қўллашда консенсус изламоқда. Унинг сўзларига кўра, агар илгари Россия Банки ушбу чораларни қатъий талаб қилган, Молия вазирлиги эса “кўпроқ либерал” бўлган бўлса, энди Молия вазирлиги валюта оқимларини назорат қилиш чораларини кучайтиришни талаб қилмоқда.