Мирзиёев Покистон ҳукумати раҳбари билан қатор масалаларни муҳокама қилди

Томонлар ўзаро савдо кўрсаткичлари йил бошидан 75 фоизга ўсганини мамнуният билан қайд этдилар.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 20 сентябрь куни, Нью-Йорк шаҳрида ўтаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 78-сессияси доирасида Покистон бош вазири вазифасини бажарувчи Анвар ул-Ҳақ Какар билан учрашди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Музокараларда Ўзбекистон-Покистон стратегик шериклик муносабатларини, энг аввало, савдо-иқтисодий, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларида янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ўзаро савдо кўрсаткичлари йил бошидан 75 фоизга ўсганини мамнуният билан қайд этдилар. Шу даврда юк ташиш ҳажми 50 фоизга ошди, 20 та янги қўшма корхона очилди.
Мирзиёев имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида товар айирбошлашни ошириш учун қулай шароитларни яратиш ишларини давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.
Икки мамлакат ҳудудлари ўртасида самарали ҳамкорликни кенгайтириш ва кооперация алоқаларини ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлиги кўрсатиб ўтилди. Тўқимачилик, фармацевтика, электротехника ва туризм соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.
Минтақавий хавфсизликни таъминлаш юзасидан, шу жумладан Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши нуқтаи назаридан фикр алмашилди.
Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалда илгари суриш борасида биргаликда ҳаракат қилиш муҳим экани қайд этилди.