“Тез ёрдам”нинг 4 та ҳудудий филиалига “Volkswagen Caddy” автомашиналари топширилди

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Сурхондарё ва Сирдарё вилоят филиалларига 100 та А тоифали “Volkswagen Caddy” тез тиббий ёрдам автомашиналарини етказиб бериш бошланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 сен — Sputnik. Республика тез тиббий ёрдам марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Сурхондарё ва Сирдарё вилоят филиалларига 100 та А тоифали “Volkswagen Caddy” тез тиббий ёрдам автомашиналарини етказиб бериш бошланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Фавқулодда ҳолатларда ва касаллик хуруж қилган вақтда беморга имкон қадар тез ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, унинг ҳаёти ва саломатлигини сақлаб қолишга хизмат қилади. Шу сабабли “103” хизматида эскирган автоуловларни босқичма-босқич замонавийларига алмаштириш чоралари кўрилмоқда. Йил якунига қадар яна 500 дан ортиқ ана шундай транспорт воситаларини ҳудудларга етказиб бериш кўзда тутилган”, — дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоитжон Гафуров.
Маълумот ўрнида, бешинчи авлод А тоифали “Volkswagen Caddy” мутлақо янги MQB платформасида ишлайди. Улар 1,6 МPI атмосферали мотор билан жиҳозланган бўлиб, 6 поғонали механик узатмалар қутиси ва 110 от кучига эга. 100 километр масофага автомобиль аралаш циклда кам ёнилғи сарфлайди.
Эслатиб ўтамиз, шу йил август ойида А тоифали 50 та “Volkswagen Caddy” тез тиббий ёрдам автомашиналари Қашқадарё ва Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармалари тизимидаги “103” шахобчаларига берилганди.