ТОШКЕНТ, 20 сен — Sputnik. Ўзбекистонда аҳолининг барча қатламлари, жумладан, имконияти чекланган шахсларнинг каратэ билан шуғулланишлари учун ҳудудларда “Каратэ ҳамма учун” дастури ишлаб чиқилади ва амалга оширилади. Бу Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги жамоатчилик муҳокамасига қўйган президент қарори лойиҳасида кўзда тутилган.
Ҳужжат билан каратэ (WKF) спорт турини янада оммалаштириш, ёшлар орасидан спортчиларни саралаб олиш тизимини яхшилаш, ушбу спорт тури бўйича замонавий спорт инфратузилмасини яратиш ҳамда миллий терма жамоаларнинг нуфузли спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришишини таъминлаш мақсад қилинган.
Мактабгача ёшдаги болаларда каратэнинг “Ката” йўналишига қизиқиш уйғотиш орқали нафас олиш, хотира ва концентрацияни сақлаш, вестибуляр аппаратни чиниқтириш каби соғломлаштириш ишлари олиб борилади.
Шунингдек, истиқболда мактабгача таълим муассасаларида “kids karate” лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилган.
Зарур шарт-шароитлар мавжуд бўлган умумий ўрта таълим мактабларида каратэ бўйича дарсдан ташқари алоҳида спорт секциялари ташкил этилади.