ТОШКЕНТ, 20 сен — Sputnik. Жанубий Кореянинг Янгсан шаҳрида 40 ёшли ўзбекистонлик эркак ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, ёнғин ичида қолиб кетган 69 ёшли аёлни қутқарди. Бу ҳақда “The Korean Herald” нашри хабар бермоқда.
Жанубий Кёнсан вилояти Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси маълумотларига кўра, кекса эр-хотиннинг кафесида соат 18:44 атрофида ёнғин келиб чиққан. Портлаш овози, ойналар синиши ва алангани кўрган одамлардан бири ёнғин-қутқарув рақамига қўнғироқ қилган.
Ёнғин тезда ва кутилмаганда ёйилиб кетгани сабабли аёл ресторанда ичида қолиб кетган. Ўт ўчириш бўлими маълумотларига кўра, у куйган ва жойида йиқилиб, оғир аҳволда қолган.
Аёлнинг 70 ёшли турмуш ўртоғи эса ёнғин бошланишидан олдин ресторанни тарк этишга улгурган ва кучли ёнғин туфайли қайтиб кира олмаган. Шу пайтда қўшни хонадонда яшовчи 40 ёшли Ўзбекистон фуқароси ёнғин ичига кириб, аёлни ёнғиндан олиб чиққан.
Айни пайтда аёл бутун танасининг иккинчи даражали куйиш жароҳати билан касалхонада даволанмоқда, унинг эри ҳам ёнғинда олган жароҳатлари туфайли муолажа олмоқда. Уни қутқарган ўзбекистонлик эркак шиша синишидан енгил тан жароҳати олган. Унга воқеа жойида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.
Ёнғин оқибатида бутун ресторан ва яқин атрофдаги автомобилларга зарар етган. У соат 19:11 да тўлиқ ўчирилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ёнғин зарари 80 миллион вонга (60 419 доллар) баҳоланмоқда.
Ёнғин хавфсизлиги ходимлари ҳодисанинг аниқ сабабларини ўрганмоқда.