Хитой ТИВ Германия элчисини Бербок Си Цзиньпин ҳақида айтган сўзлари туфайли чақиртирди

Аввалроқ Пекин Анналена Бербокнинг Хитой етакчиси Си Цзиньпинни “диктатор” деган сўзлари бемаънилик ва очиқ сиёсий провокация эканлигини маълум қилган эди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Германия элчиси Патрисия Флорни Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербокнинг Хитой раҳбари Си Цзиньпинни “диктатор” деб атаган сўзлари туфайли чақиртирди.

“Германиянинг Пекиндаги элчиси Патрисия Флор якшанба куни Хитой Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди”, — деб ёзади “Spiegel” нашри Германия ташқи ишлар вазирлигининг номи ошкор этилмаган вакилига таяниб.

Қайд этилишича, бу ҳолат Бербок Американинг “Fox News” телеканалига берган интервьюсида Украинадаги можаронинг тугашини қандай кўришини муҳокама қилаётиб, Россия ғалабаси “Си (Цзиньпин. — таҳр.) каби диктаторлар учун ишора” бўлишини айтганидан кейин содир бўлган.
Душанба куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мао Нин Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербокнинг Хитой раиси Си Цзиньпинни “диктатор” деган сўзлари бемаънилик ва очиқ сиёсий провокация эканлигини айтди.
Хитой Германиянинг энг муҳим савдо ҳамкори ҳисобланади. Июль ойида Германия ҳукумати Хитойга нисбатан стратегияни эълон қилди, унда ХХРга “ёндашувни ўзгартириш” ва ҳамкорликнинг янги параметрларини белгилаш ифодаланган. Стратегия федерал ҳукумат Германиянинг турмуш тарзи, суверенитети, фаровонлиги, хавфсизлиги ва бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлигига хавф солмаган ҳолда Хитой билан ҳамкорлик қилиш йўллари ва воситаларини кўрсатишга қаратилган.