Россия Ўзбекистонда рус мактабларини қуришга тайёр – Мишустин

Россия бош вазирининг сўзларига кўра, истиқболда Ўзбекистонда Россия олийгоҳларининг янги филиалларини очиш режалари ҳам бор.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 сен — Sputnik. Россия Ўзбекистонда таълим рус тилида олиб борилувчи бир нечта мактаб барпо этишга тайёр. Бу ҳақда Россия бош вазири Михаил Мишустин Россия ва Ўзбекистон ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг навбатдаги мажлисида маълум қилди.
“Биз Ўзбекистонда таълим рус тилида, Россия дастурлари бўйича олиб бориладиган бир нечта мактаб қуришга тайёрмиз”, - деди Мишустин.
Унинг сўзларига кўра, шунда ўқувчилар Россия маданияти ва анъаналари билан яхшироқ танишишлари мумкин бўлади.
“Ўзбекистон қизиқиш билдирган тақдирда шундай талабномани кўриб чиқамиз”, - дея ваъда берди Россия ҳукумати раҳбари.
Мишустин Москва таълим соҳасидаги кооперацияни ривожлантиришда давом этишини маълум қилди. Унинг маълумотларига кўра, Россия олийгоҳларида таълим олаётган талабалар сони бўйича Ўзбекистон хорижий давлатлар орасида етакчи ўринда.
“60 мингдан зиёд ўзбек талабаларининг қарийб 14 минг нафари давлат стипендиялари ҳисобидан билим олмоқда. Янги ўқув йилида Россия олийгоҳларига Ўзбекистондан ёшларни ҳукумат квотаси билан қабул қилиш 650 тадан 800 кишигача кўпайтирилди”, - деди Россия бош вазири.
Унинг таъкидлашича, истиқболда Ўзбекистонда Россия олийгоҳларининг янги филиалларини очиш режалари бор.
“Россия ва Ўзбекистон муносабатлари яхши қўшничилик, шерикчилик, иттифоқчилик тамойилларига асосланган. Халқларимизни кўп асрлик умумий тарих боғлаб туради”, - деди Мишустин.
Қаршида рус тили маркази иш бошлади