Россия компанияси Чирчиқда металл трубалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши мумкин

“ТЭМПО” холдинг компанияси Чирчиқдаги аукционда турган ишлаб чиқариш биносини сотиб олиш ва қурилиш учун 16 млн доллар инвестиция киритиш режаси борлигини маълум қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 сен — Sputnik. Татаристондаги “ТЭМПО” холдинг компанияси Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида металл конструкция ва металл трубаларни ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи.
Чирчиқ шаҳри ҳокими Даврон Ҳидоятов бошчилигидаги делегация Татаристонга ташрифи давомида компания бош директори Рустем Шарифуллин билан учрашди.
Учрашув давомида Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти юзасидан тақдимот ўтказилди.
Учрашувда Шарифуллин Чирчиқдаги аукционда турган ишлаб чиқариш биносини сотиб олиш ва қурилиш учун 16 млн доллар инвестиция киритиш режаси борлигини маълум қилди.
Россия компанияси у ерда келажакда Марказий Осиё учун металл конструкция ва металл трубаларни ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.
Музокаралар якуни бўйича томонлар англашув меморандумини имзолашди.
Чирчиқ шаҳри ҳокими Даврон Ҳидоятов ва "ТЭМПО" бош директори Рустем Шарифуллин
Маълумот учун: “ТЭМПО” 140 гектар ер майдонида жойлашган. Холдинг таркибида 8 та йирик корхона мавжуд. “ТЭМПО” металл трубаларни ишлаб чиқариш бўйича Россиядаги етакчи компаниялардан биридир.