ТОШКЕНТ, 18 сен — Sputnik. Буюк ипак йўлининг Зарафшон-Қорақум йўлаги ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди. Бу ҳақда Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати хабар қилди.
Мазкур қарор 10−25 сентябрь кунлари Ар-Риёд (Саудия Арабистони)да бўлиб ўтган ЮНEСКО Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 45-сессиясида маъқулланди.
"Зарафшон-Қорақум йўлагининг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилиши унинг ўзига хос тарихий-маданий қадриятининг эътирофидир", — деди ЮНEСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Миллий комиссияси ҳамда Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаяне Умерова.
Буюк ипак йўлининг Зарафшон-Қорақум йўлаги
© Фонд развития культуры и искусства Узбекистана
Зарафшон-Қорақум йўлаги уч давлатда жойлашган 31 та объектдан иборат. Улардан 9 таси Тожикистонда, 15 таси Ўзбекистон ҳудудида, қолган 7 таси эса Туркманистон ҳудудида жойлашган.
Буюк ипак йўлининг Зарафшон-Қорақум йўлаги
© Фонд развития культуры и искусства Узбекистана
Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти директори Дмитрий Воякин қабул қилинган қарор нафақат Ўзбекистон ва Марказий Осиё, балки бутун дунё тарихи учун ниҳоятда муҳим эканини таъкидлади.
Турли даврлардаги барча объектлар тарихдаги энг муҳим савдо йўлларидан бири - Ипак йўлида жойлашган бўлиб, узоқ тарих ва бой маданий-тарихий меросни намоён этади.
Ўзбекистон "Буюк ипак йўлининг Зарафшон – Қорақум йўлаги" номинациясини тақдим этиш бўйича лойиҳа координатори сифатида иштирок этди.