Украинага Европадан ёмон хабар келди

Словакияда бўлиб ўтадиган парламент сайловлари натижалари Украинага қаттиқ таъсир қилиши мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 сен — Sputnik. Словакияда бўлиб ўтадиган парламент сайловлари Ғарбнинг Украинага кўрсатаётган ёрдамини заифлаштириши мумкин, чунки мамлакатдаги Россияга “дўст” партиялар ҳокимият тепасига келиши кутилмоқда. Бу ҳақда “Financial Times” нашри ёзмоқда.
Мақолада айтилишича, Словакияда бир қатор популист ва ўнглар партиялари муддатидан олдин сайловлар натижасида тузиладиган ҳукумат таркибига қўшилиш учун “яхши имконият”га эга.
“Бу Европа Иттифоқи ва НАТОнинг яна бир аъзоси Киевни сезиларли даражада камроқ қўллаб-қувватлай бошлаши мумкинлиги ҳақидаги навбатдаги қўрқувни келтириб чиқармоқда”, — дея таъкидлайди нашр.
Сўров натижаларига кўра, етакчи “Smer” партияси – собиқ бош вазир Роберт Фицонинг партияси. Фицо Украинага ёрдам бериш учун словакияликлар катта бадал тўлашларига тўғри келаётганига эътибор қаратмоқчи.
Словакиянинг "Globsec" таҳлил марказининг катта таҳлилчиси Доминика Хайдунинг сўзларига кўра, Украинага ёрдам сайлов кампаниясининг бир қисми бўлиб, унда “етакчи партия бу ёрдамга қарши” чиқмоқда.
“Бу Украинани қўллаб-қувватлаш масаласида Европа Иттифоқи ва НАТОнинг бирлигига катта таъсир кўрсатиши мумкин бўлган сайловлар”, – дея огоҳлантиради эксперт.
Фицо очиқчасига Украинани қўллаб-қувватлашга қарши чиққан ва Ғарбни украиналик миллатчиларга керагидан ортиқ илтифот кўрсатаётганликда қоралади. Словакияда парламент сайловлари 30 сентябрь кунига белгиланган.