ТОШКЕНТ, 15 сен — Sputnik. Ўзбекистондаги барча энг хавфли йўл ва чорраҳалар харитаси шакллантирилади. Бу ҳақда мамлакат ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов мамлакат аҳолисига қилган мурожаатида айтиб ўтди. Мурожаат матни "Янги Ўзбекистон" нашрида эълон қилинди.
Таъкидланишича, бу харитада ҳаракатни тартибга солиш учун зарур бўлган светофор, йўл тўсиқлари, ерусти ва ерости пиёдалар йўлакларининг аниқ сони ва ўрнатилиш жойлари, шунингдек, таъмирталаб, жиддий хавф туғдираётган йўл қисмларининг жойлашуви кўрсатилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари кўмагида, консультантларни жалб қилган ҳолда, ушбу йўл ва чорраҳаларда тартиб ўрнатиш ишлари бошланади.
“Йўл ҳаракати хавфсизлиги – жамоатчилик назоратида” тамойили асосида йилига камида икки марта ижтимоий сўров ўтказиш, шунингдек, барча йўл-патруль хизмати ходимлари учун маҳаллаларни қамраб олувчи жавобгарлик ҳудудини белгилаб қўйиш амалиёти йўлга қўйилади.
Бунда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобил йўллари қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан амалга оширилган ишлар бўйича Олий Мажлис, маҳаллий кенгашлар ва кенг жамоатчиликка ҳар ярим йилда ҳисобот бериб борилади.