ТОШКЕНТ, 14 сен — Sputnik. Мисрнинг Даҳаб курортида акула сайёҳ аёлга ҳужум қилди. Бу ҳақда “El Manshar” нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, жабрланувчининг қўлини кесиб ташлашга тўғри келди.
Акула ҳужуми ҳақида Россия ОАВларига гувоҳ ҳам маълумот берди.
“Менга акула аёлга ҳужум қилиб, унинг елкасидан тишлаганини айтишди. Кейин ҳамма катерларда икки соатча акулани ортидан қувишди. Уни тутишганига шубҳам бор, эҳтимол, улар акулани узоқроққа ҳайдашган”, – дея изоҳ берди гувоҳ “Москва 24”га.
Миср атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлигининг аниқлик киритишича, жабрланувчи шу давлат фуқароси бўлган, унга барча зарур тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳозир унинг аҳволи барқарор.
Июнь ойида Хургадада 1999 йилда туғилган россиялик акула ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган эди.