Тошкентда турк хиёбонини ташкил қилиш масаласи муҳокама қилинди

Тарафлар Туркиянинг биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк номини Тошкент кўчаларидан бирига бериш, пойтахтда турк хиёбонини ташкил қилиш каби масалаларни муҳокама этдилар.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 сен — Sputnik. Бугун, 13 сентябрь куни Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Олган Бекар билан учрашди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги сайтида маълум қилинди.
Умурзоқов икки мамлакат ўртасидаги самарали сиёсий ва бизнес-алоқаларнинг қамрови кенглигини таъкидлади. Меҳмонга Янги Тошкент тумани, эркин иқтисодий зоналарда амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳалар ҳақида маълумот бериб, Олган Бекар кўмагида турк компаниялари Тошкент ривожига улкан ҳисса қўшишига ишонч билдирди.
Олган Бекар қабул учун миннатдорлик билдириб, ўзбек-турк муносабатлари жадал ривожланаётганини, бу давлатлар раҳбарлари асос солган стратегик ҳамкорлик маҳсули эканлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, тарафлар Туркиянинг биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк номини Тошкент кўчаларидан бирига бериш, пойтахтда турк хиёбонини ташкил қилиш каби масалаларни муҳокама этдилар.
Умурзоқов ушбу масалаларнинг ечимида имкон қадар кўмак беришга тайёрлигини билдирди. Ўз навбатида, Олган Бекар ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш учун бор имкониятларни ишга солишга ваъда берди.