Душанбеда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари 5 та ҳужжат имзолаши кутилмоқда — рўйхат

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учрашуви 14-15 сентябрь кунлари Душанбе шаҳрида бўлиб ўтади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 сен — Sputnik. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги маслаҳат учрашуви якунлари бўйича 5 та ҳужжат имзоланиши режалаштирилган. Бу ҳақда “Нейтральный Туркменистан” расмий газетаси хабар берди.
Кеча Душанбеда Марказий Осиё давлатлари вакилларининг саммитларга тайёргарлик бўйича якуний маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди. Муҳокамалар давомида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг қўшма баёноти лойиҳаси матнлари, шунингдек, Душанбе саммитлари бўйича якуний келишувлар келишиб олинди.

"Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учрашуви 14-15 сентябрь кунлари Душанбе шаҳрида бўлиб ўтади. Унинг якунлари бўйича бешта ҳужжат имзоланиши режалаштирилган", - дейилган газета матнида.

Ҳужжатлар орасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг қўшма баёноти, қуруқликдаги транспорт соҳасида шартнома, ёшлар сиёсатининг умумий йўналишлари тўғрисидаги келишув, маслаҳат учрашувларини ўтказиш бўйича Миллий координаторлар кенгаши тўғрисидаги низом ва 2023-2025 йилларга мўлжалланган Марказий Осиё минтақаси аҳолиси саломатлиги ва фаровонлигини қўллаб-қувватлаш бўйича “Йўл харитаси” жой олган.
Шунингдек, форум доирасида ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтади ва ўндан ортиқ параллел тадбирлар режалаштирилган.
Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари иштирок этиши кутилмоқда. Аввалги учрашув 2022 йилда Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган эди.