ТОШКЕНТ, 11 сен — Sputnik. 15 сентябрдан 15 октябргача Тошкентдаги марказий (Шимолий) темир йўл вокзалидан ҳаракатланадиган аксарият поездлар қатнови "Тошкент-Жанубий" вокзалидан амалга оширилади. Бу ҳақда "Ўзбекистон темирйўллари" АЖ хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, бу вақт мобайнида "Тўқимачи" ҳамда "Тошкент-йўловчи" темир йўл бекатлари оралиғидаги йўлда техник таъмирлаш ишлари олиб борилади.
Бир ой мобайнида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” электропоездлари, "Шарқ" (Тошкент — Бухоро), "Насаф" (Тошкент — Қарши), "Ўзбекистон" (Тошкент — Андижон) ҳамда халқаро йўналишлардаги Тошкент — Волгоград, Душанбе — Тошкент йўловчи поездлари "Тошкент-Жанубий" темир йўл вокзал ҳудудидан рейсларини амалга оширади.
Олмаота — Тошкент, Тошкент — Новосибирск, Тошкент — Самара йўналишида ҳаракатланадиган йўловчи поездлари ҳамда Тошкент — Хожикент шаҳарлараро поездлари қатнови бундан мустасно. Улар Шимолий вокзалдан қатновни давом эттираверади.
Таъкидланишича, ҳар икки вокзалдаги барча чиптахоналар узлуксиз ишлайди. Бундан ташқари, чипталарни электрон тарзда ҳам харид қилиш мумкин. "Тошкент-Жанубий" темир йўл вокзалдаги кутиш заллари, вокзалга киришда 3 та бир босқичли назорат ўтиш пункти доимий равишда йўловчиларга хизмат кўрсатади.
Шунингдек, бир ой мобайнида "Тошкент-Марказий" вокзалидаги чиптахоналардан поезд жўнашидан олдин чипта харид қилган ёки адашиб "Тошкент-Шимолий" вокзалига келиб қолган йўловчиларни "Тошкент-Жанубий" вокзалига олиб бориш учун вақтинча бепул автобуслар қатнайди.
Қўшимча қилинишича, реконструкция ишларидан сўнг мазкур ҳудуддаги темир йўлда поездлар ўтказувчанлиги янада ортади ва юк поездларининг тўхтовсиз ҳаракатланишига имконият яратилади.