“Газ заправка”ларда нархларни чеклаш режалаштирилмоқда

Келгуси олти ойда газ тўлдириш шохобчаларида табиий газнинг максимал чакана нархи 1 кубометр учун 3250 сўмдан ошмаслиги учун чора кўрилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 сен — Sputnik. Ўзбекистондаги газ тўлдириш компрессор шохобчаларида газ учун максимал нарх белгилаш режалаштирилмоқда. Ҳукуматнинг тегишли қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Қарор билан жойлардаги "газ заправка"ларда нархлар кескин кўтарилиб кетишининг олдини олиш чоралари кўрилиши режалаштирилмоқда.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Солиқ қўмитаси ва "Ўзнефтгаз" инспекциясига ўрнатилган газ ҳисоблаш ускуналарининг Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимига тўлиқ уланганлигини ва онлайн режимда маълумотлар узатилаётганлигини қатъий назорат қилиш вазифасини юклаш кўзда тутилмоқда.
Улар ноқонуний уланиш, ёқилғи-энергия ресурсларини талон-торож қилиш ва ноқонуний истеъмол қилишнинг бошқа ҳолатларини, шунингдек, уларни содир этишга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш бўйича назорат тадбирларини янада кучайтиришлари керак бўлади.
“Табиий газни сотишда унинг энг баланд чакана нархи келгуси олти ойда куб метр учун 3 250 сўмдан ошиб кетмаслиги бўйича қатъий чоралар кўрсин”, - дейилган қарорда.
Онлайн режимда маълумотлар узатмаётган, чакана сотишда чекланган нархнинг асоссиз оширилишига, ноқонуний уланишга, ёқилғи-энергия ресурсларини талон-торож ва ноқонуний истеъмол қилинишига йўл қўйган "заправка"ларга эса табиий газ етказиб бериш тўхтатилиши кўзда тутилган.