Биз "Лазги" Россияга яна қайтишига келишиб олдик - Матвиенко

Федерация Кенгаши раиси "Лазги" балетининг Москва премьерасида иштирок этди ва ўз таассуротлари ҳақида гапирди.
Sputnik
ТОШКEНТ, 11 сен – Sputnik. Москвадаги Катта театрда 10 сентябрь куни "Лазги. Қалб ва муҳаббат рақси" миллий балети намойиш этилди. Балет Москвадаги премьерасида Россия Федерал Кенгаши раиси Валентина Матвиенко ҳам ташриф буюрган эди.

"Мен жуда ҳайратдаман. Ўзбекистон миллий балетининг ажойиб труппаси, мутлақо бетакрор сценография, ёритиш, мусиқа. Бу қалб ва муҳаббат рақси, у жуда ёрқин, жуда чуқур ва айни пайтда унга миллий ўзига хослик ҳам сингиб кетган", - деб ўз таассуротлари билан бўлишди Матвиенко спектаклдан сўнг журналистлар билан.

Эслатиб ўтамиз, "Лазги" балети ғояси муаллифи Ўзбекистон президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева эди. У ҳам Москвага келди ва спектаклдан олдин Валентина Матвиенко билан учрашди.
Федерация Кенгаши раиси А.Навоий номли Ўзбекистон опера ва балет Катта театри труппасини ушбу спектакль билан яна Россияга келишга ва "Лазги"ни нафақат Москвада, балки бошқа вилоятларда ҳам намойиш этишга таклиф қилди.

"Биз "Лазги" балети Россияга, албатта, яна қайтишига келишиб олдик. Балки нафақат Москвага, мен уни Санкт-Петербургга Мариинский театрига ва бошқа вилоятларга ҳам келишини жуда хоҳлайман. Бу ҳақда Саида Шавкатовна билан гаплашдик ва умид қиламанки, бу ишни давом эттирамиз", - деди Матвиенко.

2019 йилда ЮНEСКО томонидан Инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилган “Хоразм лазги” рақси бугун янгича талқинга эга бўлди.
Муаллифлар илғор саҳна технологияларини Хоразм рақсининг ўзига хослиги билан уйғунлаштирган ҳолда яхлит композиция яратишга қарор қилишди.
Мазкур асар Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан ташкил этилган. Театр дурдонасини яратиш устида ишлаш учун халқаро профессионаллар жамоаси таклиф қилинди. Рассомларнинг либослари устида таниқли рус дизайнери Фрол Буримский ишлаган.
Спектакль премьераси ўтган йилнинг сентябрь ойида Тошкентдаги А.Навоий номидаги опера ва балет Катта театр саҳнасида бўлиб ўтди. Спектаклнинг Россиядаги премьераси 7 июнь куни Санкт-Петербургдаги Александринский театрида бўлиб ўтди. Илгари "Лазги" балети Дубай ва Истанбулда намойиш этилган.