Кузда Ўзбекистонга йўлланмалар қанчага тушади — туроператорлар жавоби

Аксарият бозор иштирокчиларининг таъкидлашича, Ўзбекистонга ташриф буюриш МДҲ бўйлаб саёҳатга боришни хоҳловчилар орасида энг машҳур сўровдир.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 сен — Sputnik. Туроператорлар кузда Ўзбекистонга саёҳатга талаб ортиб бораётгани ва бундай саёҳат нархи қанчага тушишини маълум қилишди. Бу ҳақда РИА Новости АТОРга таяниб хабар берди.
Аксарият бозор иштирокчиларининг таъкидлашича, ушбу республикага ташриф буюриш МДҲ бўйлаб саёҳатга боришни хоҳловчилар орасида энг машҳур сўровдир.
“Экскурсия саёҳатлари энг кўп талаб қилинадиган дам олиш шаклидир. Одатда сайёҳлар у ерга бир ҳафта бориб, Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Хива билан яқиндан танишишга улгурадилар”, - дейилади хабарда.
Беш кунлик "экскурсия"нинг минимал нархи 37 минг (4 574 071,93сўм) рублдан, ҳафталик саёҳат нархи 45 минг (5 563 060,45 сўм) рублдан бошланади. Москва ва Ўзбекистон шаҳарларидан бири ўртасида парвоз қилиш учун камида 30 минг рубль ( 3 708 706,97 сўм) қўшиш керак бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиялик сайёҳлар кузда саёҳат қилишни режалаштираётган энг машҳур ҳудудлар ва мамлакатлар номи маълум бўлганди . Рўйхатдан Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари жой олган. Ўзбекистон Россиядан келаётган сайёҳлар оқимини 1 миллион кишига етказишни режалаштирмоқда. 2022 йилда Ўзбекистонга 567 минг россиялик сайёҳ ташриф буюрган, бу 2021 йилга нисбатан 377 минг кишига кўп.