ТОШКЕНТ, 6 сен — Sputnik. Ўзбекистонда саноат электротехника маҳсулотларидан фойдаланишда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ҳамда бу маҳсулотлар устидан сифат назорати кучайтирилади. Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйган.
Ҳужжат билан 2023 йил 1 декабрдан бошлаб импорт қилинадиган лифт, эскалатор, траволатор, саноат ҳаво совитиш тизимлари ва саноат иситиш қозонларини мувофиқлик сертификатисиз “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштиришни тақиқлаш таклиф қилинмоқда.
Кўп квартирали уйлар, шунингдек, лифт ўрнатилиши назарда тутиладиган барча объектлардаги лифтларни фойдаланишга қабул қилишдан олдин уларни мажбурий тартибда диспетчерлик хизматига улаш талаб этилади.
2024 йил 1 январдан бошлаб Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қурилиш (реконструкция) объектларини лойиҳалаштиришда устувор равишда республикада ишлаб чиқариладиган лифт, эскалатор, траволатор, саноат ҳаво совитиш тизимлари ва саноат иситиш қозонлари қўлланилиши талаб этилади.
2024 йил 1 январга қадар республиканинг барча ҳудудларида кўп квартирали уйларни бошқариш органлари ҳузурида лифтларни мониторинг қилиш бўйича диспетчерлик хизматлари кўрсатилишини ташкил этиш режалаштирилган.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда республикадаги барча тоифадаги лифт ва эскалаторларни ҳар йили камида бир маротаба мажбурий техник кўрикдан ўтказиши белгиланмоқда.
2024 йил 1 январга қадар лифт ускуналарининг техник ҳолатини мониторинг қилиш, авария ҳолатларини реал вақт режимида қайд этувчи замонавий электрон дастур ҳамда кўп квартирали уйларда эксплуатация қилинаётган лифтларнинг реестри жорий этилади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб лифт, эскалатор ва тровалаторларга хизмат кўрсатиш бўйича мутахассисларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, бу соҳа мутахассисларини тайёрлашни ташкил этади.