Бухорода йил охиригача 250 мингта иш ўринлари яратилади

Бухоро вилоятида 2023 йилда 250 мингта иш ўринлари яратилиши, 2023-2025 йилларда вилояти аҳолисини тўлиқ иш билан таъминлаш режалаштирилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 сен — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятида аҳолини иш билан таъминлашга доир таклифлар билан танишди.
"Ҳозирги кунда Бухоро вилоятида 1 миллиондан зиёд меҳнатга лаёқатли аҳоли бўлиб, шундан 76 минг нафари ишсиз. Ҳар йили меҳнат бозорига 37 мингга яқин ёшлар кириб келмоқда. Буларнинг ҳаммасини инобатга олиб, Бухоро вилоятини 2023-2025 йилларда аҳолиси тўлиқ иш билан таъминланган ҳудудга айлантириш мақсад қилинган", - дейилади хабарда.
Буни амалга ошириш учун вилоятда етарлича янги иш ўринлари яратилмоқда. Хусусан, пахта-тўқимачилик ва ғаллачилик кластерларида. Бухорода 11 та шундай корхоналар мавжуд бўлиб улар 94 мингта иш ўринлари яратишга тайёр. Шу жумладан касаначиликни ривожлантириш орқали 19 мингта иш ўрни очилиши режалаштирилмоқда.
Ундан ташқари маҳаллаларда турли хизматлар таклиф қилувчи 57 та микромарказ, ишсизлик юқори бўлган 98 та маҳаллада тикув цехларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, қайта фойдаланишга киритлаётган экин ерларида деҳқон хўжаликлари ташкил этиб, уларнинг негизида иш ўринларини кўпайтириш бўйича таклифлар ҳам бор.
Умумий ҳисобда ушбу чора-тадбирлар натижасида 2023 йилда 250 мингта иш ўрни яратилиши, 2023-2025 йилларда Бухоро вилояти аҳолиси тўлиқ иш билан таъминланган ҳудудга айлантирилиши қайд этилди.