ТОШКЕНТ, 5 сен — Sputnik. Кеча, 4 сентябрь куни ЮНЕСКОнинг Париждаги Бош қароргоҳида “Абу Райҳон Беруний. Географик ва интеллектуал саёҳатлар” кўргазмаси очилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг ёрдамчиси Саида Мирзиёева маълум қилди.
Таъкидланишича, лойиҳа буюк аллома ва мутафаккир таваллудининг 1050 йиллигига бағишланган.
Қайд этилишича, ташриф буюрувчилар визуал инсталляциялар ёрдамида Абу Райҳон Берунийнинг ҳаёти ва ижоди, кашфиёт ва изланишлари ҳақида маълумот олишлари мумкин. Экспозицияда алломанинг Франция миллий кутубхонаси фондидан йиғилган қўлёзмаларига алоҳида жой ажратилган.
“Ўйлайманки, ушбу лойиҳа Европа жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотиб, буюк алломаларимиз мероси билан фахрланадиган ўзбек замини ҳақидаги тасаввурларини янада бойитади”, - деб ёзади Мирзиёева.
У, шунингдек, Ўзбекистон ЮНЕСКО Бош Конференциясининг 43-сессиясини 2025 йилда Самарқандда ўтказишга тайёрлигини маълум қилган.
“Агар ушбу таклиф маъқулланса, бу тарихий воқеа ЮНЕСКО сессияларини фақат Парижда чақириш бўйича 40 йилдан ошиқ давом этган анъанани ўзгартира олади”, - деб ёзади Мирзиёева.