Шавкат Мирзиёев Шерали Жўраев вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Ҳамдардлик Мирзиёев, Норбоева, Исмоилов, Арипов, Султонов, Назарбековлар томонидан билдирилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 сен — Sputnik. Шавкат Мирзиёев Шерали Жўраев вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Ҳамдардлик президент Шавкат Мирзиёев, юқори палата раиси Танзила Норбоева, қуйи палата спикери Нуриддин Исмоилов, бош вазир Абдулла Арипов, президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, Маданият вазири Озодбек Назарбековлар томонидан билдирилган.
Унда қайд этилишича, Шерали Жўраев ўзининг ноёб истеъдоди, бетакрор овози ва юксак ижро маҳорати билан юзлаб ёрқин қўшиқлар яратиб, халқимиз ўртасида муносиб обрў-эътибор топди. Мумтоз ва замонавий адабиётнинг кўплаб шеърий намуналарини куйга солиб, ўзбек қўшиқчилик санъатининг “олтин фонди”ни бойитишга беқиёс ҳисса қўшди.

"Шерали Жўраев кўп йиллик самарали ижоди билан замонавий миллий санъатимиз ва маданиятимизни ривожлантириш, унинг шуҳратини чет элларда кенг тарғиб этиш борасида ҳам фидойилик кўрсатди. У жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этди. Айниқса, миллий парламентимиз депутати сифатида мустақиллигимизнинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало, ёш авлодимизни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасида жонбозлик билан фаолият олиб борди", - дейилади хабарда.

Кейинги йилларда “Ватандошлар” жамоат фондининг Васийлик кенгаши раиси вазифасида самарали меҳнат қилиб, хорижий давлатларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан алоқаларни мустаҳкамлашда муносиб хизмат қилди.
Моҳир санъаткор ўзбек миллий қўшиқчилигида ўз ижодий мактабини яратиб, кўплаб ёш истеъдод эгаларини тарбиялади.

​"Бетакрор санъаткор, самимий ва камтарин инсон, ёшларнинг меҳрибон ва талабчан устози Шерали Жўраевнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади", - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, кеча Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Шерали Жўраев узоқ давом этган ҳасталикдан сўнг 77 ёшида вафот этди.