ТОШКЕНТ, 5 сен — Sputnik. Ўзбекистонда қонуний никоҳдан ўтмаган фуқароларга шаърий никоҳ ўқиганлар учун жиноий жавобгарлик белгилаш режалаштирилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар тегишли қонун лойиҳасини кўриб чиқиб, қабул қилишди.
Қонун лойиҳаси билан никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга оширганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.
Қайд этилишича, Конституциянинг 76-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасида эканлиги, никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши мустаҳкамлаб қўйилди.
Амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамай, сўнгги пайтларда республикада фақатгина диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳлар сони ва бунинг ортидан кўпхотинлик ҳолатлари ортиб бормоқда
2022 йилда республика бўйича 18 955 та ҳолатда туғилган чақалоқлар ёлғиз она аризаси асосида қайд этилган. 2021 йилда ушбу кўрсаткич 19 037 тани, 2020 йилда 16 564 тани ташкил қилган.
Никоҳ белгиланган тартибда ФҲДЁ органларида қайд этилмагани оталикни белгилаш, алимент тайинлаш, мерос масалаларига оид турли хил муаммоларни келтириб чиқариб, натижада фуқароларда, айниқса аёлларда давлатнинг ҳуқуқий сиёсатига нисбатан бўлган ишончи йўқолишига сабаб бўлмоқда.
Депутатлар бу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилишига ишонч билдиришди.
Қайд этиш жоизки, ҳозир Ўзбекистонда қонуний никоҳдан ўтмаган фуқароларга шаърий никоҳ ўқиган шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси 2-қисми (Диний йиғилишлар, кўча юришлари ва бошқа диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузиш), 241-моддаси (Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) ва 47(3)-моддаси 3-қисми (Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш) асосида жаримага тортиб келинади.