ТОШКЕНТ, 5 сен — Sputnik. Самарқанд давлат университети (СамДУ) Каттақўрғон филиалида фаоллар залида ўтказилаётган тадбир вақтида бинонинг бетон плитаси қулаб тушгани бўйича жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 258-моддаси (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноий иш очилган.
4 сентябрь куни СамДУнинг Каттақўрғон филиали шифтининг плитаси қулаб тушди. Университет матбуот хизмати 2 нафар 1-курс талабаси жароҳат олганини маълум қилди.
Кейинроқ Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари 6 нафар талаба қиз тан жароҳати олганини маълум қилди.
Ҳозир бинонинг қурилиши ҳамда мукаммал таъмирланиши ҳолати мутахассислар жалб қилинган ҳолда ўрганилмоқда.
Филиал Каттақўрғон шаҳри Амир Темур кўчаси 27-уйда жойлашган ўқув биноси собиқ Самарқанд давлат институти академик лицейи биноси учун қурилган бўлиб, 2008 йилда фойдаланишга топширилган.
2008—2018 йилларда СамДЧТИ қошидаги академик лицей сифатида, 2019—2021 йиллар давомида Каттақўрғон шаҳар 7-мактаби фаолият олиб борган.
2021 йилда Самарқанд давлат университети Каттақўрғон филиали ташкил этилиши муносабати билан мазкур бино филиал балансига ўтказилган.