ТОШКЕНТ, 5 сен — Sputnik. Ўзбекистонда қўшхотинликни тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилиши мумкин. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар тегишли қонун лойиҳасини кўриб чиқиб, қабул қилишди.
Лойиҳа билан икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилганлик, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Таъкидланишича, сўнгги пайтларда реклама, кўнгилочар ва таҳлилий материаллар орқали кўпхотинлик ва унинг "афзалликлари"ни тарғиб қилиш авж олмоқда. Бунинг оқибатида қонуний никоҳсиз туғилган болалар сони ҳам ошган.
Хусусан, 2022 йилда республика бўйича 18 955 та ҳолатда туғилган чақалоқлар ёлғиз она аризаси асосида қайд этилган. 2021 йилда ушбу кўрсаткич 19 037 тани, 2020 йилда 16 564 тани ташкил қилган.
Олий суд маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2018−2022 йилларда кўпхотинлик учун 34 нафар эркак судланган.
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 126-моддасига биноан кўп хотинли бўлиш, яъни умумий рўзғор асосида икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшаш базавий ҳисоблаш миқдори (ҳозирда 330 минг сўм)нинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.